Микрокредитбанк 2024 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар бўйича ахборот берди

Микрокредитбанк 2024 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар бўйича ахборот берди

Фото: Микрокредитбанк

Бугун, 20 сентябрь куни "Микрокредитбанк томонидан 2024 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда банк бошқаруви раиси ўринбосари Ш.Ибрагимова ҳамда бошқа масъул шахслар иштирок этди.

Анжуманда банкнинг 2025 йилгача ривожлантириш стратегияси бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирлар ижросининг таъминланиши натижасида 2024 йилнинг 8 ойида қуйидаги ижобий кўрсаткичларга эришилгани айтилди. Жумладан:

  • банк капитали қарийб 4 трлн сўмга; 
  • умумий активлар 21 фоизга ошиб, 23 трлн сўмга; 
  • кредит портфели 13 фоизга ошиб, 16,3 трлн сўмга;
  • банкдаги умумий депозитлар қолдиғи 8 фоизга ортиб, 6,9 трлн сўмга етди. 

Фото: Микрокредитбанк

Жалб қилинган ресурслар ҳамда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жорий йилнинг ўтган 8 ойида 133 578 нафар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 5 трлн сўм кредит ажратилиб, қарийб 206 минг нафар аҳоли бандлиги таъминлангани қайд этилди. 

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ҳисобот даврида аҳоли ва тадбиркорларга жами 1 трлн 508 млрд сўмдан ортиқ кредитлар (йиллик режа 2,4 трлн сўм) ажратилиши натижасида 90 101 нафар аҳоли бандлиги таъминланди.

Ажратилган кредитлар қуйидаги соҳаларга йўналтирилган:

  • қишлоқ хўжалик соҳасида 755 млрд. сўм (50 %);
  • хизмат кўрсатиш соҳасида 409 млрд. сўм (27 %);
  • ишлаб чиқариш соҳасида 344 млрд. сўм (23 %) кредит ажратилган.

Шу билан бирга, ушбу кредитларнинг 575,5 млрд сўми 33 176 нафар ёшлар ҳамда 772,5 млрд сўми 51 735 нафар хотин-қизларнинг лойиҳаларига йўналтирилган. Маълумот ўрнида, дастур доирасида ажратилган кредитларнинг 51 фоизи аёл тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келади. Хотин-қизларга ажратилган кредит 2023 йилга нисбатан 1,3 баробарга, кредит олган аёллар сони 16 минг нафарга ортган.

Шу ўринда оилавий тадбиркорлик йўналишида имтиёзли кредит маблағига эҳтиёжи бор аҳоли ортиқча вақт сарфламасдан банкнинг “Маврид” иловаси орқали кредитга ариза юбориш имкони яратилган. Бунинг учун банкнинг “Маврид” иловаси ҳамда oilakredit.uz платформасини интеграция қилиш жараёнлари якунига етказилди.

Фото: Микрокредитбанк

Оилавий тадбиркорлик дастурлари билан бирга паррандачилик соҳасини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳам бириктирилган. Бунинг учун ўтган даврда банк томонидан 206,8 млрд сўм кредитлар ажратилиб, 26 та паррандачилик корхоналари (йиллик 28 млн.дона тухум, 20 626 тонна гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш қуввати яратилди, 546 та янги иш ўринлари яратилди) фаолиятининг узлуксизлиги таъминланди. 

Иқтисодиёт тармоғининг бир бўғини бўлган Микрокредитбанк томонидан маҳаллабай тизими асосида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Биринчидан, “Сайхунобод тажрибаси” бўйича банкка бириктирилган 1 230 та маҳаллалардаги 7 767 та хонадонларга жами 136,5 млрд сўмлик лойиҳа пакетлари етказиб берилиши натижасида 15 844 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Бунда, танланган хонадонларга 37 гектар (1,6 мингта хонадон) ихчам иссиқхона, 34 гектар учун боғдорчилик кўчатлари, 154 минг бош парранда, 7,1 минг дона асалари қутилари, 12,7 минг бош чорва моллари етказиб берилди. Йил якунига қадар лойиҳа пакетлари тақдим этилган хонадонлар сонини 2 баробарга ошириш режалаштирилган.

Иккинчидан, “Уйчи тажрибаси” асосида раҳбарият томонидан банк мижозлари, тадбиркорлар иштирокида жами 337 маротаба учрашувлар ўтказилиб, тадбиркорларнинг 5 516 та мурожаатлари ижобий ҳал этилиши натижасида 61 987 та иш ўрни яратилди. Шунингдек, 903 млрд сўм кредит ҳисобига 29 049 та микролойиҳалар амалга оширилди. Бунинг ҳисобига 52 140 нафар янги иш ўрни яратилди.

Ушбу микролойиҳаларнинг 4 796 таси саноат, 12 445 таси хизмат кўрсатиш ва 11 808 таси қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келади.

Йил якунига қадар 144 млрд сўм банк кредити ҳисобига 11 608 та микролойиҳаларни амалга ошириб, 96 912 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган. 

Фото: Микрокредитбанк

Шу билан бирга, банк мижозлари саналган паррандачилик соҳаси корхоналарини соғломлаштириш ва ишлаб чиқариш қувватларини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Мисол учун, ушбу соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш учун жорий йилда 243 млрд сўм кредитлар ажратилиб, 32 та паррандачилик корхоналари фаолиятининг узлуксизлиги таъминланди. Бунинг ҳисобига ушбу корхоналарда йилига 111 млн дона истеъмол ва 52 млн дона инкубацион тухум, 24,3 минг тонна гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда 702 та янги иш ўринлари яратилди.

Учинчидан, “Ғиждувон тажрибаси” асосида Микрокредитбанк томонидан Ғиждувон тумани “Гулистонобод” МФЙдаги “Ortiq Dilnavoz” МЧЖга 150 ўринли тикув цехи қуриб берилиб, туташ маҳаллалардаги 150 нафар ишсиз хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Бу каби ишлаб чиқариш бино-иншоотлари туманнинг яна 20 та маҳаллаларида қурилиб, маҳаллий тадбиркорларга 20 йилга бўлиб тўлаш шарти билан ажратилади. Натижада, туманнинг 3 мингдан зиёд аҳолиси иш билан банд қилинади.

Бундан ташқари, Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани “Найнаво” маҳалласидаги касб ҳунарга ўқитиш маркази ҳудудида жойлашган 3 қаватли ишлаб чиқариш биноси (ангар) таъмирланиб, “Zinnur Tex Invest” МЧЖга тикув-трикотаж цехи ташкил қилиш учун ижарага берилди. Ҳозирда 100 нафар хотин қизларни иш билан таъминлаган, корхона фаолиятини тўла қувватга олиб чиққандан сўнг 400 та янги иш ўринлари яратилади.

Тўртинчидан, “Зарбдор тажрибаси” асосида банкка бириктирилган Хива шаҳрининг “Гарвук кўл” массивида замонавий туризм мажмуаси ташкил қилинмоқда. Ушбу комплексдаги 1 та 29 ўринли ва 3 та 7 ўринли меҳмон уйлари, 1 та 250 ўринли миллий таомлар ресторани ва савдо дўкони, 1 та кафе ва савдо дўкони, 1 та икки қаватли 270 ўринли Европа ресторани ва 1 та яхна ичимликлар кафеси (бар)ни қуриб фойдаланишга топшириш учун Микрокредитбанк томонидан 150 млрд сўм маблағ ажратилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри Яшнобод туманида 1 000 та иш ўринли лойиҳани амалга ошириш бўйича қиймати 10 млн доллар (банк кредити 6 млн доллар) бўлган “Food truck”, “Street Food”, “Busines Place”, умумий овқатланиш, ширинликлар ва кофе тайёрлаш ва савдо шохобчалари тармоғини ташкил қилиш режалаштирилган. 

Кейинги муҳим йўналиш, ёшларни таълим олишига, олий ўқув юртлари талабаларини молиявий қўллаб қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, 2024 йилнинг ўтган даврида 13 589 нафар талабага жами 113,5 млрд. сўм миқдорида таълим кредитлари ажратилди. Эътиборлиси, ушбу маблағнинг асосий қисми, яъни 88,8 млрд. сўми айнан 10 976 нафар хотин-қизларнинг таҳсил олишлари учун фоизсиз кредитлар ажратилди.

Шунингдек, аҳолини уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 3-чоракда 272 та мижозга жами 82,7 млрд. сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратиб берилди. 

Банк трансформацияси жараёнлари натижасида 2024 йилда хизмат нуқталари сони 574 тага, хизмат турлари сони 102 тага, банкоматлар сони 826 тага етказилиб, 24/7 шохобчалар сони 437 тага етди, банкимиз томонидан ўтган даврда 2,38 млн.дан ортиқ мижозга хизмат кўрсатилди. Шунингдек:

  • жисмоний шахсларга масофавий хизматлар кўрсатиш ҳажми кескин оширилди;
  • кредитлаш тизими автоматлаштирилиб, кредит ажратиш жараёнида инсон омили иштироки камайтирилди, автоматлаштирилган кредитлар тури ҳамда сони ортган;
  • жисмоний шахслар учун “Mavrid” янги мобил иловаси, мижозбай ишлаш учун CRM тизими, скоринг ва кредит конвейери тизимлари жорий қилинди;

Банкда амалга оширилган рақамлаштириш ҳамда трансформация чора-тадбирларида инсон омилисиз кўрсатиладиган банк хизматларидан онлайн фойдаланувчи жисмоний шахслар улуши 60 фоизга, тадбиркорлар улуши 77 фоизга ошди.

×