Учта давлат банки тизимида 148 нафар бошқарув ходимлари тадбиркорлик билан шуғулланиб келгани аниқланди

Учта давлат банки тизимида 148 нафар бошқарув ходимлари тадбиркорлик билан шуғулланиб келгани аниқланди

“Микрокредитбанк” АТБ, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ҳамда “Туронбанк” АТБ ва уларнинг тизим ташкилотлари ўрганилганда уларнинг 148 нафар бошқарув ходими 155 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётганлиги аниқланди, дея хабар берди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Агентлик томонидан вазирлик ва идоралар, давлат муассасалари ва ташкилотлар ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолатлари юзасидан ўрганишлар ўтказиб келинаётгани айтилди. Жумладан, “Микрокредитбанк” АТБнинг 94 нафар бошқарув ходими 96 та тадбиркорлик субъектида, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБнинг 41 нафар бошқарув ходими 46 та тадбиркорлик субъектида ҳамда “Туронбанк” АТБнинг 13 нафар бошқарув ходими 13 та тадбиркорлик субъектида таъсисчи сифатида рўйхатдан ўтган.

Юқоридаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича агентлик томонидан мазкур банкларга тақдимномалар киритилгани маълум қилинди. Ўз навбатида, банклар томонидан тақдимномалар танқидий муҳокама қилинган ҳолда тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик қилаётган ходимларга нисбатан огоҳлантириш хатлари берилиб, қайд этилган қонунбузилиши ҳолатлари бартараф этилаётгани айтиб ўтилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунларида давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган.

×