Фото: Марказий банк
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки иқтисодиёт, банк иши, бухгалтерия ҳисоби, молия ва ахборот технология йўналишлари бўйича айрим таълим муассасаларида бакалавриатуранинг кундузги бўлимининг сўнгги босқичида ҳамда магистратурада таълим олаётган талабаларга танлов асосида стипендия дастурида иштирок этиш имкониятини тақдим этмоқда. Хусусан, мазкур стипендияда қуйидаги ОТМ талабалари иштирок этиши мумкин:
- Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети;
- Тошкентдаги Вебстер университети;
- Tошкент давлат иқтисодиёт университети;
- Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети;
- Тошкент шаҳридаги ИНХА университети;
- Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети;
- М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкентдаги филиали;
- Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг (МГИМО) Тошкентдаги филиали;
- Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот Технологиялари Университети;
- IT Park Университети;
- Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти.
2024/2025-ўқув йили учун Марказий банк стипендияси 2024 йил октябрь ойидан тайинланади. Ҳужжатларни қабул қилиш муддати: 2024 йил 9 – 13-сентябрь. Марказий банк стипендияси республика ҳудудида ўрнатилган базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. Стипендиатлар Марказий банкнинг тегишли таркибий бўлинмаларида ҳар кунлик (кунига 3 соатгача, ҳафтада кўпи билан 15 соатдан ошмаган ҳолда) амалий малака ўтайдилар.
Танловда иштирок этиш учун талабалар бир қатор талабларга жавоб бериши керак, жумладан, юқори даражадаги академик кўрсаткичларга эга бўлиши (86% дан юқори), давлат тилини мукаммал билиши, шунингдек хорижий тилларни камида B2 даражадаги сертификатига эга бўлишлари керак.
АССА ва бошқа халқаро сертификатлар эгалари, Big Data дастурларида ишлай олувчилар, IELTS 7.0 даражаси сохиблари хамда соҳага оид халқаро ёки республика олимпиадаси ғолиби ёки совриндорларига қўшимча устунлик берилади.
Марказий банк стипендиясига талабгорлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилади:
- маълумотнома (объективка);
- паспорт нусхаси;
- номзоднинг рейтинг (синов) дафтарчаси нусхаси;
- Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган хорижий давлатлар олий таълим муассасалари талабалари учун ўрнатилган тартибда фанларни ўзлаштириш бали тўғрисида маълумотнома;
- номзоднинг чет тилини ўзлаштирганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, илмий ишланмалари, илмий конференция ва семинарларда иштирок этган маъруза тезислари ва чоп этилган мақолалари (агар мавжуд бўлса).
Зарур ҳолларда ҳужжатларнинг асл нусхалари талаб этилади.
Барча талаб этилган ҳужжатлар университет томонидан бириктирилган координатор орқали 2024 йил 13 сентябргача тақдим этилиши лозим.
Қўшимча маълумотларни (71) 212-6037, 212-6091 телефон рақамлари орқали олишингиз мумкин.
Тасодифий хабарлар
Асакабанк ва “BI Group” қулай шартларда янги ипотека кредитини жорий қилмоқда
“Agrobank Mobile” иловасида онлайн идентификация қилиш имконияти пайдо бўлди
Марказий банк молиявий саводхонликка бағишланган мобил иловани ишга туширди