Кобулда 4 сентябрь куни «Шаҳзода саройи» бозори — валюта айирбошлаш бўйича мамлакатдаги энг йирик майдонча ўз ишини қайта бошлади. Бу ҳақида Meduza нашрига асосланиб, Daryo хабар бермоқда.
Бозор «Толибон» Кобулни ўз назорати остига олганидан буён ишламаётган эди. «Шаҳзода саройи» Афғонистон молиявий тизимининг муҳим қисми бўлиб, у ерда деярли барча ҳисоб-китоблар нақд пул билан амалга оширилади. Бу бозордан нафақат аҳоли ва хусусий компаниялар, балки давлат тузилмалари ҳам фойдаланади.
Фото: Reuters
Афғонистонда банк ва банкоматлар ҳам «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан кейин ёпилган эди. Кобулда банкларнинг бош бўлинмалари сентябрдан ўз ишини қайта бошлади. Аммо мамлакатда нақд пул ечиб олиш учун қўйилган чеклов (ҳафтасига 20 минг афғони ёки 200 доллар) туфайли одамлар банклар ёнида соатлаб навбат кутади.
«Толибон» даврига келиб, афғон валютасининг бозордаги айирбошлаш курси сезиларли даражада пасайди. 4 сентябрь куни, Sinxua маълумотларига кўра, бир доллар 89 афғони атрофида баҳоланган, август ўрталарида Кобул «Толибон» қўлига ўтишидан аввал эса 79 афғони бўлган.
Аввалроқ Афғонистонга оммавий очарчилик хавф солаётгани маълум қилинганди. Fitch Solutions компаниясининг Осиё мамлакатларига таҳдидлар бўйича раҳбари Анвита Басунинг фикрича, яқин келажакда мамлакатда жиддий инқироз юз беради.
Басунинг таъкидлашича, бу ойда етти фоиздан кўпроққа пасайган афғони валютасининг қиймати яна тушиши мумкин. Бунга мамлакатнинг аксарият ташқи активлари музлатилгани сабаб бўлмоқда. АҚШ «Толибон» улардан фойдалана олмаслиги учун Афғонистоннинг ташқи захираларини музлатиб қўйганди. Шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Афғонистонга ёрдам беришни тўхтатди. Бунга республикани эгаллаб олган «Толибон» ҳокимиятининг тан олиниш-олинмаслиги муаммоси сабаб бўлмоқда.
Тасодифий хабарлар
Навоийда кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди
"BANK APELSIN" АЖ номи "UZUM BANK" АЖга ўзгартирилиши расман маълум бўлди
Асакабанк водий бўйлаб ўз балансидаги мол-мулкларни сотувга чиқарди