Фото: Президент матбуот хизмати
Бугун, 20 август куни Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Тадбирда давлат раҳбари тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича муҳим янги ташаббусларни илгари сурди. Bankers.uz Президент нутқида банк таъкидланган, банк соҳасига доир ташаббус ва иқтибосларни эътиборингизга ҳавола қилади.
Микрокредитлар миқдори оширилади
Эндиликда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашда барча банклар ва микромолия ташкилотлари иштирок этиши мумкин бўлади. Президент ўз нутқида ҳозирда 100 млн сўмгача микрокредит бор-йўғи 9 фоиз тадбиркорларнинг эҳтиёжи учун етарли эканлигини маълум қилди. Шу боис, микрокредитлар миқдори 3 карра оширилиб, 300 млн сўмга етказилади. Бунда кредитнинг 100 миллион сўмгача бўлган қисмига гаров талаб қилинмайди. Ушбу мақсадга бир йилда 10 трлн сўм берилади. Энди Тадбиркорлик компаниясининг филиали ҳар бир вилоятда ташкил қилинади. Компания ва унинг филиаллари ҳудудларда салоҳияти бор тадбиркорларни аниқлайди. Компания кафилликлари яхши кредит тарихи ва юқори барқарорлик рейтингига эга тадбиркорларга берилади.
Микромолия бозори кенгайтирилади
Президент микромолия бозори учун йўл очиб берилганини алоҳида таъкидлади. Масалан, ўтган етти ойда 91 та микромолия ташкилоти 6,6 трлн сўмлик молиявий хизматлар кўрсатди ва йил якунигача бу рақам 12 трлн сўмга етказилади. Микромолия хизматларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш давом эттирилади. Уларга жорий йилдаги 1,6 трлн сўмга қўшимча 1 трлн сўм ресурс ажратилади. Шу билан бирга, устав капитали камида 50 млрд сўм бўлган микромолия банкларини ташкил этишга рухсат берилади. Ушбу банклар кредит портфелининг камида 70 фоизи кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришга йўналтирилади. Микромолия ташкилотлари томонидан тадбиркорларга хорижий валютада хизмат кўрсатиш ва лицензия асосида тўлов ташкилоти сифатида фаолият юритишга рухсат берилади.
Факторинг ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилади
Ҳозир кўп экспортчилар йирик хорижий савдо тармоқларига 3-4 ой кечиктириб тўлаш шарти билан маҳсулот етказиб бермоқда. Узлуксиз ишлаб чиқариш учун корхоналарда айланмага эҳтиёж ошаяпти. Лекин, ҳамма тадбиркорда ҳам янги кредит олиш, унга гаров топиш имконияти йўқ, дея айтиб ўтди давлат раҳбари.
Тадбиркордан гаров талаб қилмайдиган энг қулай инструмент бу – факторинг экани айтилди. Халқаро молия корпорациясига кўра, бизда 10 млрд долларлик факторинг хизматига талаб бор. Ҳозир бу хизматни фақат банклар, микромолия ташкилотлари кўрсатмоқда. Бундан буён банк бўлмаган янги институт – факторинг ташкилоти учун йўл очилади. Улар хорижий валютада ҳам хизмат кўрсатиши мумкин бўлади. Бу жараёнда қатнашадиган банк, микромолия, факторинг ташкилоти ва тадбиркорлар фойдаланадиган алоҳида электрон платформа ишга тушади. Яъни, тадбиркор ундан ўзига қулай молиявий маҳсулотни танлаш имкониятига эга бўлади. Умуман, факторингни оммалаштириш ҳисобидан тадбиркорларга айланма учун 20 трлн сўм, экспортчи корхоналарга 1 миллиард доллар қўшимча молиявий ресурслар пайдо бўлиши таъкидлаб ўтилди.
Ислом молияси
Президентнинг таъкидлашича, ўтказилган сўровда тадбиркорларнинг 38 фоизи ислом молияси асосида ресурс олиш истагини билдирган. Ўтган ойда микромолия ташкилотларига исломий шартлар асосида хизмат кўрсатишга рухсат берилди.Тайёрланган янги қонун лойиҳаси қабул қилинса, ислом молияси билан банклар ҳам ишлаши мумкин бўлади. Бу – янги молиявий хизматлар тақдим этилиши, кўп инвесторлар кириб келиши ва 5 млрд долларлик қўшимча ресурс пайдо бўлишига туртки беради.
Давлат банклари йирик давлат корхоналарига кредитлар ажратишни камайтиради
Давлат банклари берган кредитнинг 92 трлн сўми ёки 30 фоизи 10 та йирик давлат корхонасига тўғри келади. Йирик корхоналар трансформация қилинмоқда, молия бозорларига мустақил чиқиб, ўзи маблағ жалб қилишга ўргатилмоқда. Масалан, “Узбекнефтегаз”, “Узавтосаноат” 1 млрд доллардан ортиқ евробонд чиқарди. Навоий комбинати ҳам четдан ўзи бонд олиб келишга тайёргарлик кўрмоқда. Энди давлат жалб қилган маблағларни йирик корхоналарга бериш амалиётидан босқичма-босқич воз кечилиши таъкидланди. Бундай маблағларни бериш икки йил ичида камида 40 фоизга қисқаради. Банклар бунинг ҳисобидан камида 30 трлн сўмни хусусий бизнесга йўналтиради.
Кредит қарздорлиги ундируви мол-мулкка қаратилмайдиган тизим яратилади
Кредит олди-бердисида банк ҳам, тадбиркор ҳам таваккал қилади. Лекин, амалиётда банкнинг ҳуқуқ ва ваколатлари тадбиркорга нисбатан анча кўпроқ.
Масалан, кредит вақтида қайтмаса, гаровга қўйилган мулк шартнома тузилган пайтдаги қийматида сотувга чиқарилади. 3-4 йил олдин кредит олинганда 100 млн сўмга баҳоланган мулкнинг бугунги нархи 30-40 фоиз қимматлашса, уни қандай қилиб эски қийматида сотиш мумкин... Тўғри, муаммоли кредит билан қаттиқ шуғулланиш керак, лекин бу тадбиркорни “тугатиш” ҳисобидан бўлмаслиги зарур”,- деди давлат раҳбари.
Эндиликда гаровдаги мулкни савдога чиқаришдан олдин унинг ҳозирги бозор қиймати аниқланадиган, қайтмаган қарздорлик гаров қийматининг 15 фоизидан кам бўлса ундирув мулкка қаратилмайдиган тизим яратилади. Банк мижозига қарзни бошқа манба ҳисобидан қоплашга имкон беради.
Тасодифий хабарлар
VISA ва Mastercard Россиядаги фаолиятини тўхтатмоқда
InfinBANK’дан фоизсиз кредит: афсонами ёки ҳақиқат?
2023 йилда Ўзсаноатқурилишбанк капиталига 125 миллион доллар, Асакабанкка 100 миллион доллар маблағ жалб қилинади