Бухоро амирининг банкларда қанча омонати бўлган?

21.08.2024 12:12

2 778

Timer  png5 дақиқада ўқилади
Bankers.uz Ўзбекистон банк тизими тарихига оид туркум мақолаларининг навбатдагиси Бухоро амирлиги мулозимларининг банкларда сақлаган омонатлари ҳақида бўлади

Амир Саид Олимхоннинг 1911 йилда С.М. Прокудин-Горский томонидан олинган сурати

Bankers.uz Ўзбекистон банк тизими тарихига оид туркум материаллар чоп этиб бормоқда. Мазкур материаллар мамлакатимизда ушбу йўналишда тадқиқот қилиш баробарида ўрганилган тарихий фактлар ва мустақил изланиш натижалари асосида ёзилган мақолалар асосида тайёрланади. Навбатдаги материалда Бухоро амирлигидаги банклар, амир ва унинг амалдорларининг банклардаги омонатлари ва ҳисобварақалари, Рус-Бухоро банкнини тузишга ҳаракатлар ҳақида бўлади.

Бухоро шаҳридаги банклар: амир омонатлари, элитанинг савдо операциялари тарихи

Бухоро амирлиги 1868 йилдан бери Россия империясининг протекторати ҳисобланарди. Бухоронинг Санкт-Петербургга сиёсий қарамлигига қарамай, Амир ўзининг ички сиёсий ва иқтисодий мустақиллигини сақлаб қолди. Бухоро амирлари сиёсий ва иқтисодий вазиятдан максимал фойда олишга интилардилар. 1888 йилда Бухоро орқали Ўрта Осиё темир йўлининг филиали ўтди ва у қишлоқ хўжалиги экинларини экспорт қилишнинг катализаторига айланди. Кўп ўтмай, Бухоро қоракўл ва пахта экспортини Россияга кўпайтирди ва 1894 йилда божхона делимитациясидан сўнг Афғонистон билан ҳамкорлиги кучайди. Масалан, 1891 йилда Бухоро Афғонистонга 37,12 минг рублга тенг маҳсулотлар экспорт қилган ва 2,476 млн рублга тенг рус товарларини реэкспорт қилган.

Бухоро амирлиги пойтахти Эски Бухорода 150 минг киши истиқомат қилган. Бухорода кўплаб банклар фаолият юритган. Рус-Осиё банки филиалидан (1901 йилдан) ташқари Давлат банки филиали (1895 йилдан), Москва Ҳисоб банки (1910 йилдан), Азов–Дон (1910 йилдан), Ташқи савдо учун Россия банки, Сибир савдо банки (1910 йилдан) ва Бирлашган банк Эски Бухорода ўз филиалларига эга бўлган.

Бухоро амирлиги ҳукумат аъзоларининг Рус-Осиё банкидаги омонатлари

1916 йил 12 февраль статистикасига кўра, Рус-Осиё банкининг Бухоро филиалида 300 минг рублдан ортиқ бўлган омонатчилар рўйхати қуйидагича бўлган:

  • Бухоро амири Саид Олимхон 1 млн 317 минг рубль миқдорида муддатсиз депозитга эга эди (йиллик 5,5% дан);
  • қушбеги, яъни амирликнинг бош вазири 624 255 рубл миқдорида муддатсиз депозитлар ва жорий ҳисобварақларга эга эди (йиллик 4,5–6% дан);
  • раис (олий судьянинг ўринбосари), унинг жорий ҳисобварағи 69 532 рубл (йиллик 5,25 % дан);
  • мирахўр (ҳукумат заводлари бошқарувчиси,) жорий ҳисобварағи 26 864 рубль (йиллик 4,75 %дан) бўлган.

Умуман олганда, Амир ва унинг ҳукумати аъзоларининг банкдаги омонатлари жами 2,059 млн рублни ташкил этарди, бу жорий ҳисобварақладаги барча омонатларининг 47 фоизига тенг бўлган. Аудиторлар Бухоро ҳукуматига омонатлар бўйича фоизларни камайтиришни маслаҳат беришарди, чунки \"ҳозирги ставкада банк фойдасига атиги 0,3 фоиз қолади\", деб ёзишган эди. Бундан ташқари, Бухоро ҳукумати ҳар йили жорий ҳисоб рақамига 300 минг сўм пахтага фоизсиз кредитлар бериш учун ўз ҳиссасини қўшган. Шундай қилиб, Рус-Осиё банкининг Бухоро филиали пассив операциялари асосан Бухоро ҳукумати вакилларига хизмат кўрсатадиган молия муассасасига айланиб қолганди.

Бухоро амирлигининг ҳукумат аъзолари ва Давлат банки

Давлат банкининг депозитлар бўйича йирик мижози Бухоро амири бўлган. 1913 йилда Амир Давлат банкининг Бухоро бўлимида қимматбаҳо қоғозларда қарийб 30 миллион рублни сақлаган (йилига 4% даромад келитирган). 1899 йил май ойида йирик савдогар Рауф Азизов 5 минг рубллик қимматли қоғозларни сотиб олади. Ўша йили Бухоро Қозикалони (бош судья) 24 минг рубллик қимматли қоғозларни сотиб олади.

1904 йил март ойида Бухоро ҳукумати 500 минг рубллик қимматли қоғозларни сотиб олди. Бухоро Қозикалони 250 минг рубллик қимматли қоғозларни сотиб олди, деб ёзган Давлат банки бошқарувчиси Санкт-Петербургга.

Бухорода Азов-Дон банки фаолияти

1916 йилда Бухоро амирининг филиалда иккита омонати бўлган: бири 65 минг рубль, иккинчиси 40 минг рубль. Азов-Дон банкининг Бухоро филиалининг асосий мижозлари пахта билан савдо қилувчилар, қоракўл териси экспортчилари, мануфактура ва чой импортчилари эди. Банк мижозлари орасида савдо фирмалари ва уйлари, Бухоронинг йирик савдогарлари бор эди. Банкнинг энг йирик мижозлари пахта экспорт билан шуғулланувчи савдогарлар эди.

Эски Бухорода қоракўл териси билан шуғулланувчи жисмоний шахслар ва компаниялар рўйхати (1917 йил).

Бухоро савдогарлари банклар билан ҳамкорлик қилишган ва асосан вексель кредит ва пул ўтказмалари хизматларидан кенг фойдаланишган.

Рус-Бухоро банкини тузишга ҳаракат

1917 йили петурбурглик Путилов — Стахеев — Батолин концерни Бухоро амири Саид Олимхон билан Рус-Бухоро банкини яратишга келишиб олишади. Банк Бухоро темир йўл, пахтачилик, савдони ривожлантириши зарур эди. Рус-Бухоро банкининг бошланғич капитали 1 миллион 250 минг рубл этиб тайинланади ва бу пулнинг кўп қисмини Рус-Осиё банки бериши керак эди. Лекин, 1917 йилги давлат тўнтарилишлари бу банкни вужудга келишига тўсқинлик қилди.

Умуман олганда, Бухоро шаҳрида 8 та банк фаолият кўрсатган. Бухоро амири ва бухоро элитаси банк мижозлари бўлишган. Банклар Бухорода савдо-сотиқ ривожига ҳисса қўшишган. Кўп ҳолларда амирликда завод, темир йўл қурилишида, экспорт соҳасида банкларнинг роли Бухорода каттабўлган.

Муаллиф: тарих фанлари номзоди, мустақил политолог, маданиятшунос Бахтиёр Алимджанов.

Теглар:

#банклар_тарихи#тарих

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган