Микрокредитбанк раҳбарияти вакиллари Сирдарёдаги тадбиркор хотин-қизлар билан учрашди

Микрокредитбанк раҳбарияти вакиллари Сирдарёдаги тадбиркор хотин-қизлар билан учрашди

Фото: Микрокредитбанк

Жорий йилнинг 6 август куни “Микрокредитбанк” АТБ ташаббуси билан Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, муаммо ва мурожаатларини ўрганиш мақсадида туман хотин-қизлари билан учрашув ташкил этилди. Унда Бошқарув раиси ўринбосари Икром Джуманиёзов, банкнинг Ижтимоий дастурларни амалга ошириш департаменти директори Рашидмирза Халилов, туман ҳокими, вилоят ҳамда туман ҳокимлиги масъуллари, маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари ва ёшлар етакчилари иштирок этди. 

Фото: Микрокредитбанк

Учрашув давомида дастлаб хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий этилган янги пакетлар, имтиёзли кредитлар ва улардан фойдаланиш тартиби бўйича тақдимот ўтказилди. Шундан сўнг учрашувга таклиф этилган хотин-қизлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Уларга аввал олган кредитини сўндирмасдан туриб, қўшимча кредит олиш, скоринг таҳлиллари тўғрисида ва кредит олишда юзага келаётган муаммолар юзасидан тушунтиришлар берилди. Ўз фаолиятини энди бошлаш арафасида бўлган хотин-қизларга имтиёзли кредит хизматлари тавсия этилиб, уларнинг фаолияти доимий назоратга олинадиган бўлди. Шунингдек, банк томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар келишиб олинди.

Фото: Микрокредитбанк

Учрашувдан кейин “Микрокредитбанк” АТБ кўмагида ўз фаолиятини самарали ташкил этган хотин-қизлар фаолияти билан ҳам танишилди. Маданият маҳалласи, Донишманд кўчаси 44-уйда истиқомат қилувчи Шоира Азимова “Микрокредитбанк” АТБдан 26 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, уй боғчаси ташкил қилган. Кредит маблағларини боғчани жиҳозлашга йўналтирган. Айни пайтда бу ерда 50 нафар болажонлар тарбияланмоқда. Яратилган ишчи ўринлар сони эса 4 та. Шоиранинг кейинги режалари болалар сонини 100 нафарга етказиб, ўз фаолиятини янада кенгайтириш. 

Фото: Микрокредитбанк

“Микрокредитбанк” АТБ томонидан 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари” доирасида 1 август ҳолатига кўра Боёвут туманидаги 745 нафар фуқарога жами 12 млрд 336 млн сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган бўлса, шундан 6 млрд 101 млн сўмлик кредит 421 нафар хотин-қизлар тадбиркорлиги учун йўналтирилган. Президентимизнинг “Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 120 нафар хотин-қизлар банкнинг имтиёзли кредитларидан фойдаланиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун жами 1 млрд 654 млн сўм миқдорда пул мабалғлари ажратилган.

×