Фото: kun.uz
Тошкент вилоятиyнинг Бекобод туманида сут ва сут маҳсулотлари етиштириш ҳамда наслли чорва молларни кўпайтириш билан шуғулланувчи “BF” МЧЖ 1 млрд 82 млн сўмлик кредит маблағларини талон-торож қилганини аниқлади. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Президентнинг 2020 йилдаги 4576-сонли қарори доирасида Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги акциядорлик тижорат банки томонидан чорвачилик йўналишида ажратилган кредит маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан текширув тадбирлари ўтказилди. Унда Бекобод туманидаги сут ва сут маҳсулотлари етиштириш ҳамда наслли чорва молларни кўпайтириш билан шуғулланувчи “BF” МЧЖга Австрия давлатидан 65 бош наслли, йирик шохли чорва моллари олиб келиш мақсадида 2020 йилда банк томонидан 7 йил муддатга 2 йил имтиёзли давр билан йиллик 19% устама тўлаш, шундан 3 фоизини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаб бериш шарти билан 1 млрд 680 млн сўм кредит маблағлари ажратилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилдаги 280-сонли қарори билан тасдиқланган низомга асосан, хориждан келтирилган чорва моллари учун 116 млн сўмлик субсидия маблағи ҳам ажратилган.
МЧЖ томонидан эса банкка тақдим қилинган бизнес режада кўрсатилган сут маҳсулотлари етиштириш ва наслли молларни кўпайтириш, уларни 2 авлод олгунгача сақлаш билан боғлиқ ишлар амалга оширилмасдан, аксинча, 44 бош наслли, йирик шохли чорва моллари нақд пулга сотиб юборилган. Бунинг натижасида 1 млрд 82 млн сўмлик кредит маблағлари талон-торож қилинган.
Ажратилган кредит маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан банк томонидан керакли даражада мониторинг ишлари олиб борилмагани қайд этилди
Ҳозирда ҳолат юзасидан МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 19211-моддаси 2-қисми “а” банди билан, банк мансабдорларига нибатан эса Жиноят Кодексининг 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шу каби ҳолатда Оҳангарон туманида фермер хўжалиги 5,5 млрд сўм имтиёзли кредитнинг 2,8 млрд сўмини ўзлаштириб юборгани ҳақида хабар берилганди.