Иллюстратив фото: Bankers.uz
Микрокредитбанк тижорат банклари орасида биринчилардан бўлиб iABS дастурида ишловчи QR-Инвентаризация модулини ишга туширди. Бундан мақсад инсон омили билан бажариладиган ишларни автоматлаштириш, ортиқча меҳнат сарфини ва банк активлари сифатини яхшилаш ҳамда харажатларни камайтириш орқали банкнинг молиявий ҳолатини соғломлаштириш экани қайд этилди.
Мазкур модул айни пайтда банкнинг Тошкент шаҳар бошқармасида тўлиқ жорий этилган бўлиб, қолган БХО ва БХМларда ҳам босқичма-босқич банк амалиётига татбиқ қилиниши айтилди.
Ушбу модул ишга туширилиши натижасида қуйидагиларга эришилди:
- банк балансидаги фойдаланилаётган асосий воситалар ҳисоби (кирим/чиқими)ни аниқ юритиш автоматлаштирилди;
- асосий воситалар фойдаланаётган ҳар бир ходимга тўлиқ бириктириб чиқилди;
- асосий воситаларни мобил илова орқали «Инвентаризация» қилиш йўлга қўйилди.
Инвентаризация натижасида аниқланган камомадлар қопланиши автоматлаштирилгани, бунда бириктирилган ходим иш ҳақидан баланс қийматида автоматик тарзда ундириш имконияти яратилгани таъкидланди.