"S&P Global Ratings" халқаро рейтинг агентлиги Халқ банки кредит рейтингини туширди

"S&P Global Ratings" халқаро рейтинг агентлиги АТ "Халқ банки"нинг узоқ муддатли кредит рейтингини BB- дан B+ гача туширди ва қисқа муддатли рейтингини "B" даражасида тасдиқлади. Рейтинг истиқболи «Барқарор» сифатида баҳоланган. Агентлик ушбу ҳолатни банк активлари сифатининг пасайиши билан боғлиқ деб изоҳлаган.

"Биз Халқ банки активларининг сифати жорий йилнинг бошида жиддий ёмонлашувдан сўнг аста-секин яхшиланишини кутмоқдамиз, лекин шундай бўлса ҳам, банк активлари сифати бошқа шу кўламдаги банкларникидан анча паст бўлади", - дея қайд этади агентлик.

xb-1

Скриншот: spglobal.com

Банкнинг муаммоли кредитлари (Ўзбекистон Республикаси Марказий банки таърифига кўра «қониқарсиз», «шубҳали» ва «умидсиз» деб таснифланган кредитлар)нинг умумий кредит портфелидаги ҳажми 2020 йил охирига 2,8 фоиздан, 2021 йил 1 август ҳолатига кўра 24 фоизгача кўтарилди. S&P Global Ratings баҳоси бўйича бу кўрсаткич банк тизимидаги ўртача даражадан (6,0-7,0 фоиз) сезиларли даражада юқоридир.

Рейтинг ҳисоботида банкнинг муаммоли кредитлари, асосан, июнь ва июль ойларида ўсган бўлиб, бу асосан банк раҳбарияти активлар сифатининг ҳақиқий кўрсаткичларини акс эттириш учун қадрсизланаётган кредитларга консерватив ёндашишга қарор қилганидан кейин содир бўлганлиги таъкидланган. Шунингдек, сўнгги ойларда муаммоли кредитлар аста-секин ўсиб бораётган бошқа Ўзбекистон банкларидаги вазият билан таққослаганда, рейтинг агентлиги ушбу динамикани тушунтириб берадиган қуйидаги сабабларни қўшимча равишда қайд этган:

  • кичик ва ўрта бизнес корхоналарини кредитлаш ва чакана кредитлашнинг юқори улуши, давлат томонидан махсус ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурлари бўйича кредит олаётган мижозларнинг катта қисми кредитга лаёқатлилиги заифлиги билан ажралиб туради;
  • паст андеррайтинг стандартлари, таваккалчиликларни назорат қилиш тизимларининг етарли даражада самарали эмаслиги ва ўтган йилги кредитлашнинг агрессив ўсиш суръатлари - 62 фоиз (умумий банк секторида ўртача 31 фоиз);
  • 2020 йилги карантин чораларидан сўнг мижозларнинг молиявий аҳволини тиклашига ёрдам берувчи омил - қарзни қайта кўриб чиқиш (реструктуризация)га бошқарувнинг янада қаттиқроқ ёндашуви.

Агентликнинг таъкидлашича, банк активлар сифатини яхшилаш бўйича бир қатор чораларни кўрмоқда, жумладан, ўз мижозларининг тўлов интизомини яхшилаш, қарзларни реструктуризациялашнинг турли дастурлари, шунингдек, муддати ўтган қарзларни йиғиш ва ундирувни гаров мулкига қаратиш кабилардир. "Биз келгуси ойларда банк активлари сифатининг босқичма-босқич яхшиланишини кутишимизга қарамасдан, макроиқтисодий қулай шароитлар туфайли эмас, балки 2021 йил охирига келиб, МҲХС га мувофиқ ҳисобот тайёрланганда муаммоли активларнинг улуши доимий равишда 10 фоиздан юқори бўлиши мумкин деб ҳисоблаймиз ва бу бошқа аналог банкларга қараганда анча юқори бўлиб қолади. Шунингдек, биз заҳиралар билан таъминланган кредитлар улушини 2020 йил охирида 42 фоиздан 25-30 фоизгача камайишини кутмоқдамиз."

xb-2

Скриншот: spglobal.com

"Халқ банки, эҳтимол, ҳукуматнинг молиявий кўмаги, кредитлашнинг паст ўсиш суръатлари ва яхши шаклланган фойда олиш қобилияти туфайли капиталнинг барқарор кўрсаткичларини сақлаб қолиши мумкин. Бизнинг прогнозларимизга кўра, риск ҳисобга олинган ҳолда тўғирланган банк капитали коэффициенти (risk adjusted capital) нисбати кейинги 12-18 ой ичида 10 фоиз дан юқори бўлиб қолиши мумкин. Биз бу йил кредитлашнинг ўсиш суръатларининг анча паст бўлишини кутамиз (ўтган йилги 62 фоизга нисбатан бу йил 11 фоиз), чунки Халқ банки 2021 йил 1 августдан амалда янги кредитлар беришни тўхтатди. Биз ҳукумат кўмагини ҳам ҳисобга оламиз: йил бошида банк 200 миллиард сўм капитал шаклида олган ва эҳтимол, илгари тўланган солиқларни капиталлаштириш орқали яна 80 миллиард сўм олиши мумкин. Бизнинг тушунишимизча, ҳукумат йил охиригача банкка яна бир транш ажратиши мумкин, аммо бу ёрдамнинг муддати ва миқдори ноаниқлигича қолмоқда. Ниҳоят, биз ишонамизки, банкнинг даромад келтирувчи қобилияти яхшиланди, бу йил кредитлар бўйича 8,0 фоизлик маржа яна заҳиралар яратиш учун имкон беради. Биз банкнинг риск баҳоси 2020 йилдаги 2,6 фоиздан 2021 йилда 3,5 фоизгача кўтарилишини кутмоқдамиз ва шуни таъкидлаймизки, йил охирига келиб капитал кўрсаткичларини яхшилашга эҳтиёж билан бир қаторда заҳираларни шакллантиришга ҳам зарурат янада кучаяди.

2021 йил 1-август ҳолатига кўра, Халқ банки капиталининг етарлилик даражаси регулятор томонидан рухсат этилган минимал даража 13,0 фоиздан юқори, яъни 14,1 фоизни ташкил этди, лекин биз потенциал давлат ёрдами ва бизнеснинг паст ўсиш суръатлари туфайли капиталнинг етарлилиги бўйича норматив талабларни бузиш хавфи кам деб ҳисоблаймиз."

"Банк ҳукумат учун муҳим молиявий институт бўлиб қолмоқда. Ўйлаймизки, банк Ўзбекистонда пенсия ва бошқа ижтимоий нафақаларни тўлаш бўйича агент эканлигини ҳисобга олиб, давлат учун муҳим бўлиб қолади. Банк 2022 йилдан бошлаб пенсия жамғармаларини Ғазначиликка (ва бошқа банкларга, - таҳр.) ўтказишни бошлаши мумкин бўлса-да, биз ишонамизки, у келгуси йилларда мамлакатдаги энг кенг филиаллар тармоғи орқали пенсия тўлаш агенти мақомини сақлаб қолади. Шунингдек, биз яқин икки йилда банк хусусийлаштирилишини кутмаймиз. Бизнинг фикримизча, давлатдан капитал, молиялаштириш ва ликвидлик кўринишида жорий ва ғайриоддий ёрдам олиш келажакда ҳам банкнинг кредит профилига ижобий таъсир кўрсатади.


Халқ банкининг “Барқарор” рейтинги 2021 йилда муаммоли активлар ва кредит йўқотишларининг сезиларли ўсишига қарамай, банк етарли капитал ва ликвидлик захиралари, барқарор молиялаштириш ва давлат кўмаги туфайли кредит кўрсаткичларининг ёмонлашувининг олдини олиш эҳтимоли бор деган фикримизни акс эттиради.


Агар биз кутганимиздан фарқли ўлароқ, банк капиталлашуви кўрсаткичлари сезиларли даражада ёмонлашса ва унинг капиталининг етарлилик даражаси меъёрий минимал даражадан паст бўлса ёки бу даражага яқин бўлса, ёки агар RАС 10 фоиздан кам бўлса, биз келгуси 12 ойда Халқ банкиа нисбатан салбий рейтинг ҳаракатини қўллашимиз мумкин. Бу, масалан, мумкин бўлган кредит йўқотишлари учун банкнинг янги яратилган захиралари ҳажми кутганимиздан анча ошиб кетганда ва ҳукумат банкни капиталлаштириш кўрсаткичларига босимни бартараф этиш учун ўз вақтида етарли даражада ёрдам бермаса содир бўлиши мумкин.


Cалбий рейтинг ҳаракати, шунингдек, банкнинг ликвидлигига босим ўтказувчи, омонатчилар ва хорижий кредиторлар маблағларининг сезиларли чиқиб кетиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Мижозлар ишончининг пасайишига ва бизнесни ривожлантира олмасликка олиб келадиган активларнинг сифати билан боғлиқ муаммоларнинг давом этиши банкнинг салбий рейтинг ҳаракатига олиб келиши мумкин.

xb-3

Скриншот: spglobal.com

Агар банк раҳбарияти муаммоли кредитлар ҳажмини камайтирса ва рискни бошқаришга ёндашувни яхшиласа, банк капиталлашувнинг кучли кўрсаткичларига эга эканлиги, буни RАС коэффициентини доимий равишда 10 фоиздан юқори даражада ушлаб туриш шарти билан, муаммоли активлар ҳажмини банк тизимининг ўртача кўрсаткичларига яқинлаштирса, биз кейинги 12-18 ой ичида ижобий рейтинг ҳаракатларини амалга оширишимиз мумкин." - дейилган ҳисоботда.

×