Халқ банкидаги пенсия ҳисобварақлари бошқа банклар учун очиқ шаклга ўтказилиши таклиф этилди

Халқ банкидаги пенсия ҳисобварақлари бошқа банклар учун очиқ шаклга ўтказилиши таклиф этилди

Стратегик ислоҳотлар агентлиги Халқ банкидаги амалдаги мажбурий пенсия жамғарма ҳисобварақлари тизими ихтиёрий, мослашувчан ва бошқа банклар учун очиқ шаклга ўтказилишини таъмиинлашни таклиф қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон “Allian Pension Ranking 2023” пенсия рейтингидаги 75 та мамлакатлар қаторида 71-ўринни эгаллаган (Қозиғистон 34-ўринда, Россия – 37, Туркия – 59-ўринда). Ўзбекистонда пенсия бадаллари даражаси (12-25%) бошқа мамлакатларга нисбатан юқори экани таъкидланди. Бироқ тўловларнинг ялпи коэффициенти (55%) ўртача. Ушбу кўрсаткич ишчининг ўртача иш ҳақига нисбатан олинган ўртача пенсияни кўрсатади. Бу номувофиқлик фуқаро пенсия бадалларидан кўп маблағ олмаётгани ва пенсиялар жуда паст эканлигини англатади. Бундан ташқари, Ўзбекистонда норасмий бандлик юқори бўлгани сабабли пенсия таъминоти тизимининг қамрови паст бўлиб – 38%ни ташкил этади. Пенсия механизмлари сифатида фойдаланиш мумкин бўлган расмий молиявий хизматлар оммабоплиги ҳам паст.

Ўзбекистон пенсия тизими мажбурий бадаллар бўйича белгиланган тўлов тизимидан иборат бўлиб, борган сари давлат бюджетидан кўпроқ молиялаштирилмоқда. Сўнгги 10 йилда Пенсия жамғармаси даромадлари 3,4 бараварга ошган бўлса, харажатлари 5 бараварга ошган. 2020 йилдан пенсия тўловларини молиялаштириш учун давлат бюджетидан доимий равишда трансферт ажратилмоқда. 2022 йилда трансферт миқдори 11 трлн сўм (жами харажатнинг 24,7%) ташкил этган бўлса, 2023 йилда 15 трл сўм (29%) кўзда тутилган. 2030 йилда трансферт миқдори 38 трлн сўмга етиши прогноз қилинмоқда.

Ушбу маблағларга ҳар йили инфляция миқдорида фоиз даромадлари (2021 йилда 10%, 2022 йилда 12,4%, 2023 йилда 8,8%) ҳисобланса-да, фуқаролар ўз жамғармаларини ихтиёрий равишда бошқа молиявий инструментларга ёки банк омонатларига йўналтириш ҳуқуқига эга эмас, дейилади агентлик хабарида.

Агентлик Ўзбекистон пенсия тизимини такомиллаштириш учун қуйидагиларни таклиф этган:

  • Халқ банкидаги амалдаги мажбурий пенсия жамғарма ҳисобварақлари тизими ихтиёрий, мослашувчан ва бошқа банклар учун очиқ шаклга ўтказилишини таъмиинлаш;
  • йирик иш берувчиларга касбий пенсия таъминоти тизимини жорий этишга рухсат бериш, уларни молия институтлари билан ҳамкорлик учун боғлаш;й
  • ўзини ўзи банд қилганлар томонидан давлат пенсия жамғармасига киритиладиган бадаллар миқдорини бир марталик қатъий белгиланган миқдор ўрнига даромадларига боғлиқ қилиб белгилаш. Уларга оз миқдорда бадал киритишга рухсат бериш;
  • ҳғр бир пенсия учун маъмурий ва операцион харажатларни камайтириш учун давлат пенсия жамғармаси бошқарувини такомиллаштириш. Шаффофликни ошириш, пенсиянинг аниқ мезонларини белгилаш ва тизимни янада автоматлаштириш харажатларни камайтириш имкониятини беради;
  • расмий бандлик даражасини шу жумладан хотин-қизлар ўртасида ошириш, бу пенсия таъминоти тизимига бадаллар базасини ва аҳолини қамрови даражасини ошириш имконини беради.

Агентлик томонидан пенсия тизимини такомиллаштириш мақсадида Президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқиш тавсия этилади. Бунда: пенсия тизимини кенг кўламли ислоҳ қилиш, шу жумладан пенсия тайинлаш шартларини қайта кўриб чиқиш, пенсия ёшини умр давомийлигига мослаб қайта кўриб чиқиш, иш стажи ёки пенсия олиш учун бадалларни қайта кўриб чиқиш, пенсия тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли қамровини ошириш каби жиҳатлар инобатга олиниши мақсадга мувофиқ экани айтилди.

×