Марказий банкка киберхавфсизликни таъминлашга оид қўшимча ваколатлар берилади

Марказий банкка киберхавфсизликни таъминлашга оид қўшимча ваколатлар берилади

Кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, валюта биржалари, кредит бюролари томонидан хавфсизлик ва киберхавфсизлик таҳдидларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш чораларини кўриш бўйича Марказий банкка қўшимча ваколатлари белгиланмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида маълум қилинди.

Ялпи мажлисда “Киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиши муносабати билан кредит ташкилотлари ва нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлашга доир чоралар даражасини ошириш зарурати юзага келаётгани таъкидланди. Мазкур Қонунга асосан Марказий банк банкка киберхавфсизликни таъминлашга оид қўшимча ваколатлар берилади.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, "Марказий банки тўғрисида"ги, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги, "Банк сири тўғрисида"ги, "Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги, "Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги ва "Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида"ги қонунларга киберхавфсизликни таъминлашга оид меъёрлар киритилмоқда.

Қонун билан банк ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича қонунчилик талабларининг бузилганлиги ҳолати қўпол қоидабузарликлар қаторига киритилмоқда.

Бундан ташқари, банкларнинг ахборот тизимлари ва ресурсларининг ахборот хавфсизлигини ҳамда киберхавфсизлигини таъминлаш ва банк сирини муҳофаза қилиш каби қўшимча мақсадлар қонунда акс эттирилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши кредит ва нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида ҳамда электрон ҳукумат тизимида ахборот хавфсизлигини кучайтиришга, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

×