Трастбанк 30 йиллигини нишонламоқда

Трастбанк 30 йиллигини нишонламоқда

Фото: Трастбанк

Бугун “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки ташкил этилганига 30 йил тўлди. Ортда қолган давр мобайнида молия муассасси банк-молия тизимида муносиб ўрин эгаллаб, мамлакатимиз иқтисодиёти ривожида ўз ҳиссасини қўшиб келаётган йирик банклардан бирига айланди. 

Таъкидлаш жоизки, 30 йиллик фаолияти давомида “Трастбанк” ХАБ миллионлаб ўзбекистонликларнинг ишончини қозониб, хизмат кўрсатишда сифат ва тезкорлик, аниқлик ва мукаммал режалар асосида ишлаш, жаҳон тажрибасидан кенг фойдаланиш, хорижий ҳамкорлар билан мустаҳкам алоқалар, мижозларга намунали хизмат кўрсатиш, инновацион технологияларидан фойдаланган ҳолда банк хизматларининг янги турларини жорий этиш ва бошқа кўплаб тармоқларда улкан ютуқларни қўлга киритди.

Бугунги кунга келиб банк Республиканинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган 14 та банк хизматлари офисига, шунингдек, мижозларга янада яқинроқ бўлиш мақсадида республиканинг чекка шаҳар ва туманларда ҳам 120 га яқин “Банк хизматлари марказлари”га эга бўлди. Шу йил уларнинг сафига “Гулобод”, “Янгиқўрғон”, “Вобкент”, “Норин”, “Ангрен” БХМ ларининг қўшилиши ҳам йилдан йилга Банкнинг ҳудудий жиҳатдан кенгаётганидан далолат беради.

Яна бир муҳим рақамли кўрсаткич, 2023 йилга келиб банк активларининг ҳажми 9371,8 млрд сўмга, кредит портфели эса 4822,6 млрд сўмга етди. Умумий капитал 495,4 млрд сўмга ёки 1,3 баробарга ошиб, 2043,8 млрд сўмни ташкил этди. 

 Тезкор, сифатли ва ишончли банк маҳсулотлари

Йилдан йилга “Трастбанк” ўзининг янги банк маҳсулотлари ва хизматлари билан мижозларни ишончини оқлаб келмоқда. Жумладан, юридик ва доимий даромадга эга жисмоний шахсларга ҳамда ўзини ўз банд қилган фуқароларга юқори фоизли омонат турлари, махсус шартлардаги автокредит ва микроқарзлар тақдим этиб келинмоқда. 

Бундан ташқари, аҳолининг карталаридан фаол фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда ҳозирда миллий тўлов тизимида 630 мингдан ва халқаро тўлов тизимида эса 18 мингдан зиёд карта муомалага чиқарилган ва 14 мингга яқин стационар савдо терминаллари ўрнатилди. Ҳудудларда ўрнатилган 400 та, шу жумладан, 100 дан ортиқ кўп функцияли банкоматлар аҳолига тун-у кун хизмат кўрсатмоқда. 

Бугунги кунда мижозларимиз миллий валютада 23 фоизгача, хорижий валютада 7 фоизгача бўлган жами 12 та омонат туридан фойдаланади. Таъкидлаш жоизки, Банк томонидан омонат сифатида қабул қилинган маблағларнинг қайтарилиши “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Омонатларини кафолатлаш жамғармаси томонидан кафолатланади.

Инновацион ривожланиш, масофавий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, банк хизматларини кўрсатиш мақсадида “Trastpay” мобиль иловаси яратилиб, илованинг имкониятлари замон талабларига мувофиқ янгилаб борилмоқда. Ҳозирда “Trastpay” мобиль иловаси ёрдамида мижозлар 50 миллион сўмгача онлайн микроқарз олиш, миллий ва хорижий валютада омонат расмийлаштириш, турли хил тўловларни амалга ошириш, техник ёрдам олиш ва онлайн конверсия каби хизматлардан фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, турли хизматлар: мобиль алоқа, Интернет, телевидение, телефония, ўйинлар ва ҳатто жамоат транспортида ҳаракатланганлик учун сарф қилинган маблағларнинг бир қисмини қайтариб олиш, яъни 2 фоизгача кешбек олиш имконияти ҳам мавжуд.

“Трастбанк” пешқадамлар сафида

Ўтган вақт оралиғида “Трастбанк” миллий ва халқаро рейтингларда нуфузли ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, жорий йилнинг март ойида Англиянинг халқаро нуфузли “Brand Finance” компанияси томонидан илк бор Ўзбекистоннинг Топ-10 брендлари рўйхати эълон қилинди. Унга кўра, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки мамлакатимиздаги энг юқори, Топ-3 брендлар рўйхатидан ўрин олди. Қайд этиш жоизки, бу Банкнинг маркетинг имкониятлари ва бренд кучига бериладиган юқори баҳодир. Брендни ўрганишда мижозларга хизмат кўрсатиш, ишонч, нархларни ўз ичига олган 20 дан ортиқ атрибутлар инобатга олинган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра 2023 йилнинг якунлари бўйича “Трастбанк” ХАБнинг мамлакатимиздаги 17 та йирик банклар орасида энг юқори фаолликни кўрсатиб, ушбу рейтингда иккинчи ўринни эгаллаши навбатдаги муносиб эътирофлардан бири бўлди. Банк ўз фаолиятини тўртта асосий кўрсаткич, яъни молиявий воситачилик, қулайлик, бошқарув сифати ва ликвидлик бўйича яхшилади.

Шунингдек, Жидда шаҳрида ўтказилган хусусий сектор бўйича халқаро форумда муваффақиятли иштирок этиши ва Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси томонидан “Трастбанк” кичик ва ўрта бизнес йўналишида энг яхши ҳамкор” деб эътироф этилиши Трастбанкнинг мижозлар учун янада қулай ва тезкор хизматларни тақдим этиши, ислом шариати шартлари асосида кичик ва ўрта бизнес вакилларининг лойиҳаларини молиялаштиришда, энг муҳими, янги иш ўринлари яратилишида муносиб ҳисса қўшишида туртки бўлди. Маълумот ўрнида, “Трастбанк”нинг ислом шариатлари асосида молиявий хизмат кўрсатадиган “Траст Муамалат” шўба корхонаси юртдошларимизга шариатга мос молиявий маҳсулотларни тақдим этиб келмоқда. 

Бундан ташқари, 2023 йил ноябрь ойида “Fitch Ratings” рейтинг агентлиги “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки учун хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли эмитент дефолт рейтингини “Барқарор” прогноз билан “B” даражасида тасдиқлади. “Fitch Ratings” агентлиги прогнозларига кўра, банкнинг кичик ва ўрта бизнесни юқори даромадли кредитлашга қаратаётгани, яхши операцион самарадорлик, юқори операцион фойда рейтингнинг янада ошишига хизмат қилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат, “Трастбанк” Ўзбекистондаги банклар орасида биринчилардан бўлиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича ISO халқаро сертификатига эга бўлган банклар қаторига киради. Бундай эътирофлар ва юқори натижаларга интилиш Банкнинг келгуси истиқбол режаларига ҳам киритилган бўлиб, уларнинг сони йилдан йилга ошиши учун керакли барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. 

Бўш иш ўринларини яратиш ташаббуси бўйича саъй-ҳаракатлар

30 йиллик фаолият давомида “Трастбанк” ХАБ томонидан аҳоли бандлиги таъминлаш мақсадида янги иш ўринлари яратилиши юзасидан бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, биргина жорий йилнинг ўзида “Белиссимо пизза” МЧҲЖ томонидан 1 000 та, “7777 PHARM” МЧҲЖ томонидан 20 та, “BROOKLAND” компанияси томонидан 20 та, “Ҳуршида энтер делух” МЧҲЖ томонидан 30 та ва “Alfa Petrol” МЧҲЖ томонидан 200 та янги иш ўринлари яратилиб, Банкнинг молиявий кўмагида ўз фаолиятини кенгайтирган ишбилармонлар сони ҳам кўпайиб бормоқда.

Бундан ташқари, янги иш ўринлари яратган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бўш иш ўринлари яратган тадбиркорларга банк хизматидан бепул фойдаланиш каби махсус имтиёзлар белгиланиб, молия муассасининг ушбу ташаббусдаги кўрсаткичлари мунтазам янгиланиб бормоқда.

“Трастбанк” – “Тадбиркорларнинг энг яхши ҳамкори ва ишончли таянчи”

 Айтиш жоизки, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки ўз фаолиятида тадбиркор ва ишбилармонларнинг мустаҳкам таянчига айланиб улгурди. Таъкидлаганимиздек, Банк кичик ва ўрта бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни молияштириш ҳамда янги иш ўринларини яратишга устувор аҳамият қаратмоқда. Тадбиркорлар учун “Очиқ эшиклар куни” нинг мунтазам ўтказилиб келинаётганлиги, имтиёзли кредитлар жорий қилиниши, мавжуд имитёз ва хизматлардан фойдаланиш бўйича йўл-йўриқлар кўрсатилиши мамлакатимизда ишбилармонлар сонининг кўпайишига замин яратмоқда.

 Хусусан, Тошкент шаҳрида аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини бошлашни рағбатлантиришга қаратилган кредитлар бўйича жорий йил бошидан 2024 йил 3 июнь ҳолатига жами 786 нафар жисмоний шахсга жами 156 132 млн сўм миқдорида кредитлар ажратилган бўлиб, шундан, “Бизнесга биринчи қадам” шартлари асосида 18 та ҳолатда 120 млн сўм, ўзини-ўзи банд қилган ва тадбиркорликни бошлаш учун ажратилган бошқа кредитлар бўйича 768 та ҳолатда 156 012 млн сўм кредит маблағлари ажратилган.

Стартап лойиҳалар амалда

 “Трастбанк” ХАБ томонидан Стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш доирасида “Мультиброкер” МЧҲЖнинг Jett инвестиция сервиси иловаси танлаб олиниб, ҳамкорлик йўлга қўйилди. “Multibroker” МЧҲЖ томонидан лойиҳанинг жорий қиймати 67 546,0 млн сўм бўлган Jett платформаси фойдаланувчиларга масофадан туриб инвестисион ҳисобрақам очиш, уни маблағ билан тўлдириш ва фонд биржасида қимматли қоғозлар (акциялар, облигациялар) билан савдо қилиш имконини берувчи сервисни ривожлантириш режалаштирилган.

Ижтимоий ҳимояга доимий эътибор: барчаси халқимиз фаровонлиги учун

Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор жиҳаларидан биридир. “Трастбанк” хусусий акциядорлик банкида маҳаллаларда аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, даромадларини оширишга қаратилган бир қатор хайрли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, пойтахтимизнинг қатор маҳаллалари аҳолисига замонавий тикув машиналари топширилиши ҳамда болаларни соғломлаштирувчи массаж қилиш ускунаси ва темир буюмларни пайвандлаш ускуналари туҳфа қилиниши фикримизнинг яққол далилидир. Албатта, бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. 

Таълим ривожига қўшилаётган ҳисса

Мамлакатимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, хусусан, китобхонлик тарғиботини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан маҳалларда ёшларнинг бўш вақтини тўғри ташкил қилиш, таълим олиш учун қулай шарт-шароитларнинг яратилиши китобхонлик маданиятинининг ҳам ислоҳ қилинишига замин яратмоқда. Хусусан, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки ташаббуси билан ҳам пойтахтимиздаги “Бўстон”, “Белтепа”, “Ал-Хоразмий”, “Камолон дарвоза”, “Гулобод” ва “Бешқайрағоч” маҳалла фуқаролар йиғинларида кутубхоналар ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди. Жаҳон ва миллий адабиёт намуналари, болалар учун қизиқарли асарлар тўплами, қолаверса, маънавий-маърифий ва тарбиявий аҳамиятга эга жами 6 мингга яқин китоблар ўғил-қизлар орасида китобхонликни тарғиб этиш борасидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, ўтган йиллар давомида банк жамоаси шаҳдам қадам ташлаган ҳолда, бугун давлатимизнинг етакчи молия институтларидан бирини барпо эта олганидан фахрланади. Келгусида ҳам “Трастбанк” мижозлари учун энг ишончли банк, улар учун янги маҳсулот ва хизматларни йўлга қўйишга ҳамда банк хизматлари офислари тармоғини кенгайтириш, хизмат кўрсатишни янада қулай ва сифатли қилишга интилади.

“Трастбанк” ХАБ Ахборот хизмати


Теглар:
×