Банкларнинг муаммоли кредитлари бўйича навбатдаги статистика эълон қилинди: айрим банкларда аҳвол ёмонлашишда давом этмоқда

Марказий банк тижорат банкларининг муаммоли кредитлари (NPL) тўғрисида 2021 йил 1 август ҳолатига статистик маълумотларни тақдим этди. Маълумотларга кўра, сўнгги ой ичида банкларнинг муаммоли кредитлари яна 2,0 трлн. сўмга кўпайиб, уларнинг жами кредитлар қодиғи (кредит портфели)даги улуши 6,2 фоизга етган. Тизим бўйича муаммоли кредитларнинг улуши ўтган ойга (1 июль ҳолатига) нисбатан 0,7 фоизга ўсган.

654

Муаммоли кредитлар миқдорининг ўсиши асосан давлат банклари ҳиссасига тўғри келмоқда. Давлат банкларида ушбу кўрсаткичнинг жами миқдорий ўсиши 1 трлн. 997 млрд. сўмни ташкил қилган. Ушбу ўсишга энг катта таъсир кўрсатган банк - Халқ банки бўлиб, мазкур банкда сўнгги бир ой ичида муаммоли кредитлар миқдор жиҳатидан 1 трлн. 926 млрд. сўмга, фоиз жиҳатдан яна 9,0 фоизга ўсиб, уларнинг портфелдаги улуши 24 фоизга (!!!) етган. Иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур ҳолатни "муаммоли кредитларни тан олиш" деб номлаб, ушбу жараённинг Халқ банкида "тезлашиши" ушбу банкка янги тайинланган бошқарув раиси ва аъзолари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Алоқабанк сўнгги бир ой ичида муаммоли кредитлар улушини 1,9 фоизга камайтиришга эришган. Қолган давлат банкларида муаммоли кредитлар миқдори ва улуши динамикасида катта ўзгариш кузатилмаган. 

Давлат улуши устувор бўлмаган банкларда деярли "кўзга ташланадиган" ўзгаришлар йўқ. Шунингдек, Тенгебанкда ҳам муаммоли кредитлар "пайдо бўла бошлаганлигини" қайд этиш лозим. Шунингдек, Туркистон банк, Мадад инвест банк, Хай Тек банк ҳамда Равнақ банкларда муаммоли кредитлар улуши бир мунча юқорилигича қолмоқда.

Айрим банкларда муаммоли кредитлар миқдори банк капитали миқдоридан ошиб кетган. Давлат банклари ичида юқорида қайд этганимиз - Халқ банкида жами муаммоли кредитлар миқдори 5 трлн. 130 млрд. сўмни ташкил қилган бўлиб, бу 1 август ҳолатига банк жами капиталидан 4 млрд. сўмга кўп демакдир.

Шунингдек, Туркистон банк, Равнақ банк ҳамда Хай тек банкларда ҳам муаммоли кредитлар миқдори ушбу банкларнинг жами капитали миқдоридан ошиб кетган.

×