Bank of Georgia Ўзбекистон давлат облигацияларини сотиб олди

20.06.2024 07:02

834

13 июнь куни “Bank of Georgia” АЖ “Ўзбекистон республикаси валюта биржаси” АЖ савдо майдончаси орқали Ўзбекистон давлат облигацияларини сотиб олиш бўйича биринчи битимни амалга оширди. Банк қанча миқдордаги облигацияларни харид қилгани ошкор этилмаган.

Фото: Forbes.ru

13 июнь куни Грузиянинг етакчи банкларидан бири “Bank of Georgia” АЖ Ўзбекистон республикаси валюта биржасининг савдо майдончаси орқали Ўзбекистон давлат облигацияларини сотиб олиш бўйича биринчи битимни амалга оширди. Бу ҳақда ЎзРВБ матбуот хизмати хабар берди. Банк қанча миқдордаги облигацияларни харид қилгани ошкор этилмаган.

“Bank of Georgia” АЖ биржа савдоларида иштирок этиш ва давлат қимматли қоғозлари бозорида операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи "B" тоифаси бўйича ЎзРВБ аъзолигига қабул қилингани айтилган. Ушбу битим "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режими доирасида амалга оширилгани ва Ўзбекистон капитал бозорига халқаро инвесторларни жалб этиш бўйича муҳим қадам бўлгани қайд этилди.

“Bank of Georgia” давлат қимматли қоғозлари бозорида инвестор сифатида иштирок этишини таъминлаш мақсадида банк учун ЎзРВБнинг ҳисоб-китоб-клиринг тизимида ҳисоб рақами очилган. Шунингдек, хорижий номинал эгаларига "депо" ҳисобварақлари (омнибус ҳисобварақлари) ва тўғридан-тўғри индивидуал ҳисобварақларни очиш имконияти яратилгани таъкидланди.

“Bank of Georgia” Лондон фонд биржасида листингга киритилган (тикер: BGEO), жорий бозор капитализацияси 2 млрд. фунт стерлингдан юқори бўлган ва FTSE 250 Index аъзоси ҳисобланган “Bank of Georgia Group PLC” нинг шўба компанияси саналади. “Bank of Georgia Group PLC” компаниясининг асосий акциядорларини Georgia Capital JSC, M&G Investment Management Ltd., BlackRock, JPMorgan Asset Management (UK) Ltd., The Vanguard Group, Inc. каби йирик халқаро ва глобал инвестиция фондлари ва инвестиция компаниялари ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, “Bank of Georgia” 2024 йил 26 февралда Ўзбекистон Республикасида капитал бозори соҳасида “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режимининг биринчи иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган эди.

Теглар:

#Bank_Of_Georgia

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган