Фото: Ипотека банк
Кеча, 12 июнь куни "Hilton Tashkent City" меҳмонхонасида Ипотека-банк, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро ишбилармон "Тадбиркор аёл" ассоциацияси билан ҳамкорликда "Аёллар тадбиркорлигида рақамлаштириш ва ривожланиш истиқболлари" мавзусида семинар ташкил этилди. Унда юқори даражадаги меҳмонлар, ҳамкор ташкилот аъзолари, йирик инвестор ва тадбиркорлар, шунингдек, 300 дан ортиқ хотин-қизлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Фото: Ипотека банк
Семинарни Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири маслаҳатчиси Камола Собирова очиб бериб, минтақада хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш соҳасини молиялаштириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарблиги, уларнинг лойиҳаларини амалга ошириш, ўз йўналишида рақамлаштиришга ўтказиш ва жаҳонга чиқиш имкониятларини кўпайтиришда юзага келаётган муаммоларни бартараф этилишида бу каби лойиҳаларнинг ўрни ҳақида гапирди.
Шунингдек, тадбирда "Ипотека-банк" АТИБ Кичик ва ўрта бизнес дирекцияси директори Бекзод Мирзаев сўзга чиқиб, аёл тадбиркорлар томонидан олиб борилаётган бизнес лойиҳалар доимо банк томонидан қўллаб-қувватланиши, айнан шу йўналишда янги хизмат ва маҳсулотлар яратилишига хизмат қилишига тўхталиб, жорий йилда Ипотека-банк ва ЕТТБ билан ҳамкорликдаги келишувга асосан 3 млн доллар миқдоридаги маблағлар айнан тадбиркорликни рақамлаштиришга йўналтирилишини айтиб ўтди.
Фото: Ипотека банк
Маълумот ўрнида, яқин кунларда Ипотека-банк Халқаро Молия корпорацияси ўртасида 20 млн доллар миқдоридаги келишув имзоланиши ва маблағларнинг 25 фоизи айнан аёллар тадбиркорлигини молиялаштиришга қаратилиши белгиланган.
Тадбир давомида ташкилотлардан таклиф этилган масъуллар, тажрибали ишбилармон аёллар иштирокида қизиқарли чиқишлар, тадбиркорликни рақамлаштириш орқали жаҳон бозорларида ўз ўрнига эга бўлиш имкониятлари, шунингдек, аёл тадбиркорлик фаолиятини такомиллаштириш бўйича йўлга қўйилган "Анор" онлайн платформаси ва Ипотека-банк томонидан аёл тадбиркорлар учун тақдим этилаётган банк маҳсулотлари ҳақида маълумотлар берилди.
Фото: Ипотека банк
Ўзбекистонда илк бора Ипотека-банк ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда "Марказий Осиёда бизнесдаги аёллар" дастури доирасида 10 млн АҚШ долларлик кредит келишуви имзоланиб, унинг асосида 106 та аёл тадбиркорларнинг лойиҳалари молиялаштирилган. Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, банк филиаллари 50 мингдан ортиқ кичик бизнес субъектларига хизмат кўрсатмоқда, шундан 13 мингдан ортиғини тадбиркор аёллар ташкил этади. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 254 та аёлларга барча молиялаш манбалари ҳисобидан 80,2 млрд сўмлик кредитлар ажратилиши ҳисобига 114 та янги иш ўринлари яратилгани қайд этилди.
Ҳамкорлик асосида
Тасодифий хабарлар
Киберфирибгарликнинг янгидан янги шакллари — молиявий саводхонлик қанчалик долзарб?
"HAYOT BANK" АЖ бошқарув раисига ўринбосарлар тайинланди
Тошкентда Ғазначилик бошқармаси ходими микроқарз ёрдамида 212 млн. сўм кредит маблағларини талон-торож қилган