Ипотека банкда бошқарув раиси ўзгарди

11.06.2024 08:43

6 138

Ипотека банк бошқаруви раиси лавозимига грузиялик мутахассис - Сандро Ртвеладзе тайинланди, унинг номзоди МБдан тасдиқланиши лозим.

Фото: Caucasus Business Week

"Ипотека-банк" акциядорлик тижорат банки (Ipoteka bank OTP Group) бошқаруви раиси лавозимига Сандро Ртвеладзе тайинланди. Бу ҳақда Bankers.uz манбалари хабар берди. Амалдаги тартибга кўра, С.Ртвеладзе номзоди Марказий банк томонидан тасдиқланиши керак.

Сандро Ртвеладзе расман лавозимга тайинлангунига қадар, ўтиш даврида банкнинг аввалги бошқарув раиси Элёр Иномжонов тўлиқ ваколат билан банкни бошқаради. Кейинчалик Э.Иномжонов Корпоратив бошқарув йўналиши раҳбари, бошқарув раиси ўринбосари сифатида банкдаги фаолиятини давом эттириши қайд этилган.

"Элёр Иномжоновга банкни сотиб олиниши ва сўнгги бир йил давомида илғор раҳбар сифатида Ипотека банк ва OTP Group учун қилган ажойиб ишлари учун миннатдорчилик билдираман. Керакли назорат рухсатномалар олинганидан сўнг, Ипотека банк бошқарувини янги бош директор Сандро Ртвеладзе қабул қилиб олади" ─ дейилади банк Кузатув кенагши раиси Ласло Волфнинг ҳамкасбларига ёзган хатида.

Сандро Ртвеладзе Грузия техника университетини тамомлаган, шунингдек, Оксфорд университетининг иқтисод ва молия бўйича магистранти бўлган ҳамда Бремендаги Жейкобс университетининг "Гуманитар фанлар, иқтисод, сиёсатшунослик, журналистика ва социология" йўналиши бўйича дипломига эга. У турли мамлакатларда UBS, Liberty Bank ва Bayport Financial Services каби компанияларда юқори лавозимларда ишлаган. 2020 йилда Ўзбекистондаги TBC Bankнинг Кузатув кенгашини бошқарган.

С.Ртвеладзе 2022 йилдан 2023 йилгача OTP Bankнинг Россиядаги шўъба банкида бошқарув раиси ўринбосари, 2023 йилдан эса бошқарув раисининг Технология, трансформация ва стратегиялар бўйича маслаҳатчиси сифатида ишлаб келаётганди.

Теглар:

#ипотека-банк#тайинлов

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган