Жиззах, Фарғона, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида асосан имтиёзли бўлган жами 2,3 млрд сўмлик кредит маблағлари ноқонуний ўзлаштирилган. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жиззах вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган текширувда “E.B.” фермер хўжалиги раҳбари М.Е. ва бошқалар ҳудудий тижорат банкидан ажратилган 110 минг АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит маблағлари эвазига сотиб олинган жами 40 бош наслли чорва молларини бошқа шахсларга сотиб юбориб, ушбу маблағларни талон-торож қилганликлари аниқланган.
Департаментнинг Андижон вилояти Хўжаобод туманида ЯТТ Ф.Я. ва бошқалар ҳудудий тижорат банкидан трикатож ишлаб чиқариш мақсадида ажратилган кредит маблағлари эвазига харид қилинган жихозларни нақд пулга сотиб юбориб, трикотаж ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўймасдан 434,8 млн сўм кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Шу каби, Департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “A.K.” ва "A.T." МЧЖ масъул шахслари ҳудудий тижорат банкидан 9 нафар фуқарога тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратилган имтиёзли кредит эвазига таъминотчи корхона сифатида техника маҳсулотларини етказиб бермасдан, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали жами 323 млн сўм кредит маблағини ноқонуний ўзлаштирган.
Фарғона вилояти Фурқат туманидаги банк хизматлари маркази собиқ раҳбари Д.М. ва бошқалар 5 нафар фуқаро номидан уларнинг хабардорлигисиз “Ф.Б.” ва “T.I.” МЧЖ ҳамда бошқа тадбиркорлик субъектлари билан сохта шартномалар тузиш орқали 132,3 млн сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, ушбу маблағларни талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Тасодифий хабарлар
Uzum Nasiya акциялари биржа листингга киритилди
Наманганда кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди
Марказий банк Шавкат Мирзиёев сурати туширилган олтин тангалар муомалага чиқарилганини рад этди