Ўзмиллийбанк бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 100 млн евро миқдорида кредит линияси жалб қилмоқда

Ўзмиллийбанк бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 100 млн евро миқдорида кредит линияси жалб қилмоқда

Фото: Bankers.uz

"Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки" акциядорлик жамияти (Ўзмиллийбанк) ва Буюк Британия етакчи банкларидан бири Standard Chartered Bank ва Германиянинг Landesbank Baden-Württemberg (LBBW) ўртасида Жаҳон банки аъзоси бўлган Кўп томонлама инвестицияларни кафолатлаш агентлиги (MIGA), суғурта қопламаси остида 100 млн евро миқдорида синдикатлаштирилган кредит линиясини жалб қилиш бўйича кредит шартномаси имзоланди.

Мазкур келишув Ўзбекистон президенти томонидан жорий йилнинг 20 май куни тижорат банкларининг мамлакатда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнидаги иштироки масалаларига бағишланган йиғилишда белгиланган вазифаларни амалга оширишнинг самарали воситаларидан бири ҳисобланади.

Ўзмиллийбанк MIGA билан шартнома тузган Ўзбекистондаги биринчи молия институтлардан бири бўлиб, бошқа тижорат банклари учун мамлакатнинг кичик ва ўрта бизнесини (КЎБ) қўллаб-қувватлашда янги имконият яратиб берди. Жалб қилинаётган кредит линия қуйидагиларга йўналтирилади:

  • капитал харажатлар ва айланма маблағларга муҳтож бўлган КЎБларнинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш (технологияларни сотиб олиш ва такомиллаштириш);
  • қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, савдо, хизмат кўрсатиш, муқобил энергия, соғлиқни сақлаш каби иқтисодиётнинг устувор тармоқларида КЎБ лойиҳаларини молиялаштириш;
  • экспортга йўналтирилган КЎБ корхоналарининг ривожланишини қўллаб-қувватлаш;
  • янги иш ўринлари яратишга кўмаклашиш.

Лойиҳани танлаш жараёнидаги асосий мезонлар:

  • қарз олувчи — Ўзбекистоннинг қонунчилигига мувофиқ кичик ва ўрта бизнесни субъекти бўлиши;
  • молиялаштириш муддати — уч йилгача;
  • молиялаштириш миқдори — 1 млн еврогача;
  • барқарор ривожланиш ва экологик тоза лойиҳалар бўлиши шарт.

Кредит линиясининг асосий афзалликлари бири қулай молиялаштириш шартлари ва мамлакат таркибидан қатъи назар хомашё, товарлар ва хизматлар импортини ўз ичига олган шартномаларни молиялаштириш имконияти мавжудлигидир. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий кичик ва ўрта корхоналарга кенг географиядан хорижий экспортчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради.

Мазкур кредит линиясининг ўзлаштирилиши Ўзбекистон президенти томонидан илгари сурилган кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш дастурининг амалга оширилишини рағбатлантириш, хусусан, экспорт салоҳиятини ошириш, мамлакатда тадбиркорлик маданиятини ривожлантириш ва ишбилармонлик муҳитини юксалтириш вазифаларини амалга ошириш, шу билан бирга, янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамиятга эгадир.

Кўп томонлама инвестицияларни кафолатлаш агентлиги (MIGA) — ривожланаётган мамлакатларга инвестицияларни рағбатлантирадиган халқаро ташкилотдир. Шунингдек, Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси ҳисобланади.

Standard Chartered Bank — Буюк Британиянинг етакчи халқаро банк гуруҳларидан бири бўлиб, кенг кўламли молиявий хизматларни тақдим этади. Банк 170 йилдан ортиқ тарихга эга ва 60 та давлатда фаолият юритади. Банк активлари 760 миллиард доллардан ортиқ, капитали — 78 млрд АҚШ долларни, фойдаси — 775 млн долларни ташкил қилади.

LBBW (Landesbank Baden-Württemberg) — Германиянинг жануби-ғарбий қисмидаги етакчи минтақавий банкларидан бири бўлиб, фаолияти кенг кўламли молиявий хизматлардан иборат. Банк 1999 йилда ташкил этилган ва Германиядаги энг йирик банклардан бири ҳисобланади. Банк активлари 172 млрд доллардан ортиқ, капитали — 10 млрд доллар, фойдаси — 1 млрд долларни ташкил этади.

Ҳамкорлик асосида

Теглар:
×