Болалар учун қайси банкларда карта очиш мумкин?

Болалар учун қайси банкларда карта очиш мумкин?

Иллюстратив фото

1 июнь — "Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни" муносабати билан Bankers.uz болалар учун карталар очиш мумкин бўлган банклар билан қизиқди. Ушбу мақолада шундай карталарни таклиф қилаётган банклар рўйхати, шартлари ва бошқа тавсифлари келтирилган.

Болалар учун карта (аксарият банкларда у KIDS CARD номи билан юритилади) UZCARD ёки HUMO тўлов тизимидаги банк картаси бўлиб, уни ота-оналар ёки васийлар ўзининг 16 ёшгача бўлган болалари учун очишлари мумкин. Картанинг уст қисмига боланинг исми шарифи ёзилади. Карта ёрдамида болалар ўз харажатларини режалаштиришни ўрганиши, харидларни тежашни ва молиявий саводхонликни ўзлаштириши мумкин. Ота-оналар эса карта қолдиғи ҳамда харажатларини кузатиб боришлари, шунингдек, сарф-харажат лимитини белгилашлари мумкин бўлади.

KIDS CARD имкониятлари одатий картадан фарқланмайди, ундан фойдаланиб савдо шохобчаларида товарлар ва хизматлар учун ҳақ тўлаш, банкоматлар орқали нақд пул олиш ёки картани тўлдириш, маблағларни картадан картага ўтказиш ҳамда бошқа шу каби амалларни бажариш мумкин.

Garant bank

Garant bank UZCARD ва HUMO тизимларида расмийлаштириш мумкин бўлган KIDS CARD болалар карталарини тақдим этади. Ҳозирда банк томонидан индивидуал дизайндаги карталар учун акция ўтказмоқда.

Картанинг шартлари:

  • 16 ёшгача болалар ва ўсмирлар учун;
  • Амал қилиш муддати — 5 йил;
  • индивидуал дизайндаги карталар;
  • картани очиш бепул.

Сайт орқали танлаш ёки исталган суратни тақдим этиш орқали индивидуал дизайнни танлаш имконияти мавжуд. Акция 27 майдан 25 июнгача давом этади.

Ипотека банк

Мазкур банк болалар учун HUMO JUNIOR ва UZCARD KIDS карталарини таклиф қилмоқда.

Карталарнинг қулайлилари ва шартлари :

  • 7-16 ёшдаги ота-онаси ёки васий қарамоғидаги болалар учун;
  • Амал қилиш муддати - 5 йил
  • карта очиш учун хизмат ҳаққи олинмайди

Ушбу карталар учун бир неча фойдали ўлиши мумкин бўлган чекловлар мавжуд. Хусусан, пул ўтказмалари ва нақдлаштириш бўйича 1 ойлик лимит 1 млн сўм ҳисобланади. Шунингдек, болалар учун карталарда кредит операциялари ҳамда шубҳали сайтларда пулли амалиётлар учун ҳам чекловлар мавжуд.

Asia Alliance Bank

Мазкур банкда "Visa Junior" ва "Humo Junior" карталарини очиш имконияти бор:

  • 14-16 ёшдаги ўсмирлар учун;
  • Карталарни очиш фақатгина банк офислари орқали;
  • карталарни очиш - бепул;
  • амал қилиш муддати Visa Junior - 3 йил, Humo Junior - 5 йил.

ANORBANK

ANORBANK'да болалар учун ANOR JUNIOR UZCARD карталари мавжуд:

  • контактсиз тўловлар;
  • картага буюртма бериш нархи - 50 минг сўм;
  • карта фойдаланувчилари учун жамоат транспортларида тўлов 990 сўм.

Давр банк

Давр банк филиалларига бориб, болалар учун UZCARD ёки HUMO карталарига буюртма қилиш мумкин:

  • картани очиш нархи - 100 минг сўм;
  • фақатгина банк филиаллари орқали.

Tenge Bank

Tenge Bank'да болалар учун ҳозирги кунда HUMO карталарини очиш мумкин.

  • 7-16 ёшдаги болалар ва ўсмирлар учун;
  • картани очтириш оддий дизайн билан бепул, индивидуал дизайн билан - 35 минг сўм;
  • Tenge24 иловаси орқали ўтказмалар 3 млн сўмгача комиссиясиз.

Алоқабанк

Ушбу банк "Bolalar HUMO" картасини тақдим қилмоқда. Картанинг қулайликлари ва шартлари:

  • 7-16 ёшдаги ота-онаси ёки васий қарамоғидаги болалар учун;
  • индивидуал дизайндаги карта
  • карта очиш нархи - 35 минг сўм
  • амал қилиш муддати - 5 йил.

Капиталбанк

Капиталбанкда болалар учун "Visa Classic Kids" картасини очиш мумкин.

Картанинг шартлари ва афзалликлари:

  • 14-16 ёшдаги ўсмирларга тақдим этилади;
  • картани очиш нархи - 25 минг сўм (2 доллар, 2 евро);
  • амал қилиш муддати - 5 йил.

Микрокредитбанк

Ушбу банкда ҳам болалар учун UZCARD KIDS картасини очиш мумкин. Хизмат нархи 45 минг сўм. Карталарни Микрокредитбанкнинг барча филиалларида очиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, болалар учун карта очишда ота-оналар ёки васийлар шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини тақдим қилишлари керак. Боланинг ўзи банкка бориши шарт эмас экани қайд этилган.

Теглар:
×