Фото: UzReport
Hamkorbank акциядорларининг 17 май куни бўлиб ўтган йиллик йиғилишида банкнинг 2023 йилда олинган 700 млрд сўмдан кўпроқ соф фойдасини тақсимланмаган ҳолда қолдиришга қарор қилинди. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида маълум қилинди. Умумий йиғилиш қарори матнида "банкнинг узоқ муддатли ривожланиш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда" ушбу қарор қабул қилингани айтилган.
Йиғилишда умумий 14 та масала овозга қўйилган. Хусусан, банкнинг 2023 йилдаги 700 млрд сўмдан кўпроқ бўлган соф фойдасини тақсимлаш ва банк акциялари эгаларига дивиденд тўлаш масалалари ҳам кўриб чиқилган. Акциядорлар йиғилиши 2023 йил якунлари бўйича одий акциялар бўйича дивидендлар тўланмаслигига ва имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар тўлаш масаласини кейинги умумий йиғилишга қолдирилишига овоз берган.
Шунингдек, йиғилиш давомида “PricewaterhouseCoopers” халқаро аудиторлик ташкилоти 2024 йил якунлари бўйича банк фаолиятининг мажбурий аудитини ўтказиш учун аудитор этиб тасдиқланган. Мажбурий аудитни ўтказиш бўйича хизматлар учун тўловнинг максимал миқдори ҚҚСсиз 160 минг АҚШ доллари миқдорида белгиланган.
Бундан ташқари, банкнинг "умидсиз" активлари ҳисобдан чиқарилиши бўйича ҳам қарор чиқарилган. Қолаверса, банк бошқарувига муаммоли активларни эрта аниқлаш бўйича ишларни фаоллаштириш ва уларни тиклаш бўйича комплекс чора-тадбирларни кўриш ҳамда муаммоли кредитлар даражасининг ошишига йўл қўймаслик мақсадида банкнинг кредит сиёсати ва кредит жараёнларини такомиллаштириш бўйича ишларнинг узлуксизлигини таъминлаш бўйича вазифалар топширилган.
Тасодифий хабарлар
Телеграм орқали фуқароларнинг пластик карталаридаги пулни ўзлаштириб келган шахслар қўлга олинди
Венгриянинг OTP банки Ўзбекистон банкларидан бирининг хусусийлаштириш жараёнида иштирок этади
Самарқандда банк юристи пора билан қўлга тушди