Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси 2024 йил мақсадли параметрларини маълум қилди

Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси 2024 йил мақсадли параметрларини маълум қилди

"Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" АЖ томонидан тижорат банклари орқали кичик тадбиркорлик субъектларига 2024 йилда жами энг кўпи билан 150 млрд сўм компенсация ёрдами тақдим этилади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Бунда компенсациялар асосан давлат банклари орқали амалга оширилиши кўзда тутилган. Хусусан, Бизнесни ривожлантириш банки орқали кичик тадбиркорларга 19 млрд сўмлик компенсациялар амалга оширилади.

Фото: "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" АЖ

"Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" АЖ 2024 йил давомида тижорат банклари орқали молиялаштириладиган лойиҳалар учун жами энг камида 480 млрд сўмлик кафилликлар тақдим этишни ҳам режалаштиргани маълум қилинди. Кафилликларнинг ҳам асосий қисми давлат банкларига тўғри келади.

Фото: "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" АЖ

Компания ҳақида

“Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.11.2023 йилдаги ПФ-193-сон «Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан собиқ “Тадбиркорликни ривожлантириш жамғармаси" негизида ташкил этилган.

Компания томонидан 2024 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига қуйидаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади:

Ўрта тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш лойиҳаларига:

– лойиҳа қийматининг 15 фоизи, бироқ устав капиталининг 20 фоизи ёки 3 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда ташаббускорнинг устав капиталига кўчмас мулк объектлари, асбоб-ускуналар ва бошқа кўринишдаги активлар шаклида улуш киритиш;

– кўчмас мулк ва асбоб-ускуналарнинг 70 фоизи, бироқ 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда мулк сотиб олиш ва етти йилгача муддатга қарздорлик қолдиғига Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада йиллик фоиз ҳисоблаш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан хизматлар ипотекаси асосида ташаббускорга бериш;

– улуш киритиш ва хизматлар ипотекаси шаклидаги молиявий ёрдамлар Компания томонидан 24 ойдан ортиқ фаолият юритаётган ҳамда бир йил давомида камида 50 нафар кишини доимий иш билан таъминлаган ўрта тадбиркорлик субъектлари орасида ўтказиладиган очиқ танлов орқали аниқланадиган лойиҳаларга тақдим этилади;

– Компания ўзи томонидан ўрта тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларига улушдор сифатида киритилган улушни етти йил давомида бозор қийматида лойиҳа ташаббускорига ёки бошқа салоҳиятли инвесторларга реализация қилади;

Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларига:

– кредит (лизинг) ажратиш учун тижорат банклари, микромолия ва лизинг ташкилотларига миллий ва хорижий валютада молиявий ресурсларни жойлаштириш;

– тижорат банклари, микромолия ва лизинг ташкилотлари томонидан миллий ва хорижий валютада ажратиладиган кредит, лизинг, банк кафолати ва аккредитивларга умумий қиймати 5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик тақдим этиш;

– Компания маблағларидан фойдаланиш бўйича тижорат банклари билан тузиладиган воситачилик шартномаларига асосан белгиланган лимит ҳамда умумий миқдор ва шартлар доирасида кредитлар бўйича кафиллик (портфель кафиллиги) тақдим этиш;

– "яхши" ва "аъло" кредит тарихига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига, улар аввал олган кредитлари бўйича кафиллик ёрдамидан фойдаланаётган бўлишидан қатъи назар қўшимча ажратиладиган кредитлар бўйича белгиланган умумий миқдорлар доирасида кафиллик тақдим этилади;

Компания томонидан компенсация:

– 2024 — 2026 йилларда кичик тадбиркорлик субъектларига Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ва асосий ставканинг 1,75 бараваридан ошмаган ставкада миллий валютада 5 миллиард сўмгача ажратиладиган кредитлар бўйича асосий ставканинг 40 фоизигача миқдорда уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга компенсация тақдим этиш;

– "1+2" тамойили асосида аввал кредит (лизинг)нинг дастлабки йилига тақдим этилади, кейинги икки йил давомида тадбиркорлик субъекти томонидан яратиладиган янги иш ўринлари сони режаси бажарилиши ва реализация қилинган маҳсулот (хизмат) бўйича тушум камида ўн беш фоизга ошган тақдирда давом эттирилади.

×