Микрокредитбанк ва UnaFinancial муҳим ҳамкорлик лойиҳасини ишга туширади

Микрокредитбанк ва UnaFinancial муҳим ҳамкорлик лойиҳасини ишга туширади

Фото: Микрокредитбанк

"Микрокредитбанк" акциядорлик-тижорат банки Осиё ва Европада финтех хизматларини таклиф этувчи халқаро компаниялар гуруҳи – UnaFinancial билан янги қўшма корхона ҳамкорлигини йўлга қўйди.

Микрокредитбанк ва UnaFinancial ўзининг Сингапурдаги Robocash PTE LTD корхонаси орқали микро ва кичик бизнес эгаларининг имкониятларини кенгайтириш ҳамда инклюзив молиявий хизматлар кўрсатишга қаратилган янги микромолия ташкилотини яратмоқда. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида муваффақиятли финтех лойиҳаларини йўлга қўйган UnaFinancial Ўзбекистонга микромолия секторини ривожлантириш учун бой халқаро тажрибани олиб келади.

"Ишончимиз комилки, UnaFinancial компаниясининг микромолиялашдаги тажрибаси ҳамда Микрокредитбанкнинг маҳаллий бозордаги кўникмаларини бирлаштириб, биз микромолия секторида катта куч ярата оламиз. "Мижозларга юқори сифатли молиявий хизматлар кўрсатиш учун биз янги микромолия ташкилотини нафақат маҳаллий бозордаги тажрибамиз, балки барча ҳудудларни қамраб олувчи инфратузилмамиз ва бошқа ресурслар билан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз" -- деди банк Бошқарув раиси биринчи ўринбосари Акмал Ҳамидов.
"Биз имкониятдан фойдаланиб, ушбу ҳамкорликнинг бир қисми бўлишдан хурсандмиз. Бугунги кунда Ўзбекистонда микромолия сектори тез ўсиб келмоқда. 2018 йилдан бошлаб кредит портфеллари ҳажми қарийб икки баравар кўпайди. Янги маҳсулотимиз маҳаллий бозор ривожига ҳисса қўшади, деган умиддамиз. Биз уни мамлакатнинг барча ҳудудларида қулай, кўпроқ мижозларга ўз бизнесини ривожлантириш учун молиявий жиҳатдан ёрдам беришига интиламиз" - дея изоҳ берди UnaFinancial компаниясининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Алмаз Торутаев.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан зарур рухсатномалар олингандан сўнг, янги қўшма корхона 2024 йил охиригача ўз фаолиятини бошлаши кутилмоқда. Таъкидлаш керакки, Микрокредитбанк ҳамкор танлаш ва микромолия ташкилотини яратиш жараёнида етакчи халқаро инвестиция банки ScholzvonGleich (SvG)нинг консалтинг хизматларидан фойдаланди.

Микрокредитбанк ҳақида

Микрокредитбанк АТБ Ўзбекистон молия бозоридаги етакчи тижорат банкларидан бири бўлиб, ҳозирги кунда 19 трлн.сўмдан ортиқ жами активлар ва 3,9 трлн сўм жами капиталга эга йирик давлат банки ҳисобланади. Микрокредитбанк бугунги кунда молиявий инклюзив хизматлар ва маҳсулотлар билан мамлакатнинг кичик бизнес ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. 

UnaFinancial ҳақида

UnaFinancial — Осиё ва Европа бозорларида ўзининг қулай рақамли молиявий ечимлари билан жадал ривожланиб келаётган компаниялар гуруҳи ҳисобланади. Гуруҳ инновацион технологиялар орқали оддий ва ишончли хизматлар кўрсатиш, мижозларнинг ҳақиқатан ҳам нимага муҳтожлигига эътибор қаратишни мақсад қилган. UnaFinancial ташкил топганидан бери 14 миллиондан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатиб, ҳозирги кунда 1,5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ кредит портфели мавжуд.

Ушбу лойиҳа билан боғлиқ қўшимча сўровлар учун ушбу масъул ходимларга мурожаат қилиш мумкин:

Аббос Джурабоев, Микрокредитбанк: а.djurabayev@mkb.uz

Алёна Непогодина, UnaFinancial: а.nepogodina@una.financial

×