Фото: Прездиент Матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев 20 май куни хорижий инвестицияларни жалб қилишда банкларнинг иштирокига оид тақдимот билан танишди.
Тақдимотда Ўзмиллийбанк ҳамда Ўзсаноатқурилишбанкнинг инвестициявий фаолияти ва аҳоли бандлигидаги иштироки ҳақида мазкур банкларнинг бошқарув раислари - Алишер Мирсоатов ва Азиз Акбаржонов томонидан ахборот берилди.
Фото: Президент Матбуот хизмати
Қайд этилишича, жорий йилда Миллий банк томонидан 6 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Шунингдек, заргарлик тармоғида 2,1 триллион сўмлик 526 та, хизматлар соҳасида 41,8 триллион сўмлик кредитлар ҳисобидан 40 мингдан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш ва 2,5 миллион нафар аҳоли бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.
Ўзмиллийбанк бошқаруви раиси Алишер Мирсоатов / Фото: Президент Матбуот хизмати
Ўзсаноатқурилишбанк бу йил халқаро молия бозорларидан 3 миллиард 100 миллион долларлик маблағ жалб этишни мақсад қилган. Банк мижозлари билан умумий қиймати 4 миллиард 800 миллион долларлик инвестиция лойиҳаларига киришилган. Мазкур банк томонидан қурилиш материаллари соҳасида 2024-2025 йилларда 529 та лойиҳа доирасида 2 миллиард 800 миллион долларлик хорижий инвестициялар жалб қилиниб, бу орқали 25 мингдан зиёд иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Ўзсаноатқурилишбанк бошқаруви раиси Азиз Акбаржонов / Фото: Президент Матбуот хизмати
Шу билан бирга, Миллий банк 967 та, Саноатқурилишбанк 727 та маҳаллада ишсиз аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашмоқда. Яна бир муҳим жиҳати, банклар қуйи бўғинга тушиб ишлаётгани учун кўплаб бизнес тузилмалар “соя”дан чиқмоқда.
Таъкидланганидек, мамлакатимиздаги қулай инвестиция муҳити натижасида банкларнинг молиявий барқарорлиги ва фаоллиги ошиб бормоқда. Хусусан, соҳадаги ислоҳотлар туфайли сўнгги 5 йилда банкларнинг капитали 2 баробарга, кредит портфели 2,3 баробарга ҳамда йиллик кредит ажратиш ҳажми 1,8 баробарга кўпайди. Тўртта банк илк бор евробонд чиқариб, четдан 1 миллиард 300 миллион доллар ресурс жалб этди. Ўтган йили банклар 3,8 миллиард долларлик, шунингдек, уларнинг мижозлари ҳукумат кафолатисиз 6 миллиард долларлик хорижий кредитларни тўғридан-тўғри олиб келган. Замон талабидан келиб чиқиб, бу ишларни янада кенгайтириш ва лойиҳаларни сифатли амалга ошириш зарурлиги айтилди.
Хусусан, мижозларнинг инвестиция лойиҳаларини тизимли мониторинг қилиб, муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиб бориш зарурлиги қайд этилди.Тадбиркорларга туман даражасидан республика миқёсигача ҳар томонлама ёрдам бериш, уларнинг молиявий билимларини ошириш ва инновациялар билан таништириш муҳимлиги таъкидланди.
Тасодифий хабарлар
АОКА давлат ташкилотлари ва идоралари ахборот хизмати раҳбарларининг навбатдаги рейтингини эълон қилди
Ипотека банк бошқаруви ва кузатув кенгаши таркиби янгиланмоқда
"Халқ банки"нинг уч нафар ходими меҳнат фаолияти вақтида ҳалок бўлгани тасдиқланди