2024 йилда Ўзбекистонда ислом молиясига доир қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилади — Беҳзод Ҳамраев

2024 йилда Ўзбекистонда ислом молиясига доир қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилади — Беҳзод Ҳамраев

Фото: Олий Мажлиси Сенати матбуот хизмати

Ўзбекистонда исломий молиялаш тизимини йўлга қўйиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Сенатнинг 52-ялпи мажлисида Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳужжат қабул қилинса, қонунчиликка жуда кўп ўзгартиришлар киритиш талаб этилади.

Беҳзод Ҳамраевнинг айтишича, ислом молиясини йўлга қўйиш бўйича қонун лойиҳаси 2024 йил якунигача парламент муҳокамасига киритиш режалаштирилган.

Ислом молияси янги ва мураккаб соҳа бўлгани учун қонунчиликка жуда кўп ўзгартиришлар киритишни талаб қилади. Масалан, гаров, ссуда йўналишларида, "Марказий банк тўғрисида"ги қонунлардан тортиб "Банклар фаолияти тўғрисида"ги қонун ва бошқа ҳужжатларга ўзгартириш киритиш керак. Ҳозир ушбу қонун лойиҳаси тайёр. Жорий йилда биргаликда ишлаб, парламент муҳокамасига киритиш асосий вазифаларимиздан бири, — деди Марказий банк вакили.

Мажлисда Беҳзод Ҳамраев ҳозирда 12 та тижорат банкларида бир нечта исломий молия хизматлари кўрсатилаётганини айтди.

"Кредит ва микромолия ташкилотлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритилган ва ҳужжатда алоҳида тартиблар мавжуд. Ҳозиргача фақат низом кутилаётганди. Айни пайтда Марказий банк томонидан «Исломий молия хизматларини кўрсатиш тўғрисида»ги низом ишлаб чиқилди. Ҳозир у давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим қилинган. Рўйхатдан ўтгач, бу соҳада ишлаш бошланади. Амалдаги қонунчилик доирасида Агробанк, ЎзСаноатқурилишбанк, Микрокредитбанк, Ипак йўли банклари Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорациясининг кредит линиялари ҳисобидан муробаҳа хизматларини кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, Трастбанк ҳузуридаги "Трастмуомалат" МЧЖ томонидан исломий лизинг ва муробаҳа насияга савдо операциялари хизматлари амалга оширилмоқда. Ҳамкорбанк томонидан ҳам исломий лизинг хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Базавий қонунларимизни 2024 йилда якунига етказсак, ўйлайманки, қолган банкларда ҳам бу хизматлар оммалашиб кетишига талаб бор, шароит ҳам яратилади", — деди МБ раиси ўринбосари.
×