Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида банк ходимлари фуқаролар номига ноқонуний кредит расмийлаштиргани аниқланди

 Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида банк ходимлари фуқаролар номига ноқонуний кредит расмийлаштиргани аниқланди

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати

Қашқадарё вилоятининг Касби тумани ҳамда Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида фуқароларнинг хабардорлигисиз уларнинг номига ноқонуний кредит расмийлаштирган банк собиқ менежери ва банк хизматлари маркази раҳбари аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Касби тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Ю.Ш. ҳудудий тижорат банки филиали бўлими бош менежери лавозимида ишлаган даврида фуқаро Т.Ш. билан ўзаро тил бириктириб, 12 нафар фуқаро номидан уларнинг хабардорлигисиз кредит шартномаларини расмийлаштириб, жами 304,3 млн сўм кредит маблағларини олиб ўзлаштирганликлари аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Янгиер шаҳар бўлими томонидан ҳудудий тижорат банки Янгиер шаҳар банк хизматлари маркази собиқ раҳбари И.Б. ва бошқалар фуқаро Ғ.С.га ажратилган 390 млн сўм кредит маблағини унинг хабардорлигисиз нақдлаштириб олишиб, шундан 260 млн сўмини Ғ.С.га бериб, қолган 130 млн сўмини ўзлаштирганликлари аниқланган. 

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

×