Фото: Президент матбуот хизмати
“Чармсаноат” уюшмаси фаолияти ўзгартирилиб, бу тармоққа Халқ банки бириктирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида чарм ва ипак саноатида мавжуд имкониятларни ишга солиш, жойларда Сайхунобод тажрибаси асосида аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда айрим вазир ва ҳокимлар бу соҳа тадбиркорларини эшитмаётгани, тайёр имкониятлардан тўғри фойдалана олмаётгани кўрсатиб ўтилди. Ўтган йили чармсаноатда ишлаб чиқариш ҳажми ўсиб, қарийб 3 триллион сўмга етди. Лекин, шуни ярми Андижон ва Фарғонага тўғри келади. Республикадаги жами терининг 40 фоизини берадиган Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразмнинг чармсаноатдаги улуши уларнинг имкониятига мос эмаслиги таъкидланди. Маҳсулотига бозор топиш, айланма маблағ масалалари сабабли айрим корхоналар ўтган йилни зарар билан якунлаган. Ўтган йили чармсаноат экспортида тайёр маҳсулот улуши атиги 30 фоиз бўлган.
Давлат раҳбари икки йил олдин 155 гектар жой ажратилиб, чармга ихтисослашган 16 та кичик саноат зонаси қилинганини қайд этди. Оҳангарон ва Ургут туманларида лойиҳалар бошланган бўлса-да, Нурафшон шаҳрида, Уйчи, Ангор, Қўқон, Қўштепа, Олтинкўл, Шароф Рашидов туманлари, Наманган шаҳри, Шаҳрихон, Самарқанд, Ҳазорасп, Бухоро, Нукус туманлари, Қарши шаҳрида бу ишлар лозим даражада ташкил этилмагани танқид қилинди. Соҳада янги лойиҳалар учун 40 млн доллар арзон ресурс ажратилгани, халқаро кредит линияларидан 100 млн доллар жалб этилганига қарамай, мутасаддилар бу борада сусткашликка йўл қўяётгани кўрсатиб ўтилди. Муаммоли масалалардан келиб чиқиб \"Чармсаноат\" уюшмаси фаолиятини тубдан ўзгартириш зарурлиги таъкидланди.
Жорий йилда Шароф Рашидов Ва Оҳангарон туманларида 40 минг кв.метр биноси бўлган чарм кластер ташкил қилиш топшириғи берилди. Бунда экологияга жавоб берадиган сув тозалаш иншооти ва бино қуриш учун 40 млн доллар арзон ресурс йўналтирилиши айтилди.
Шунингдек, ушбу ҳудудлардаги тайёр лойиҳаларга етти йилда бўлиб бўлиб тўлаш шарти билан табиий ва сунъий чармдан маҳсулот чиқарувчи хорижий брендлар жойлаштирилади. Хорижий бренд жалб қилган ҳар бир корхонага \"sourcing\" кампанияси учун сарфланган харажатларнинг 30 минг долларгача қисмини қоплаб бериш тизими йўлга қўйилади. Президент Халқ банки бошқарув раиси Шуҳрат Атабаев ва Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовга вилоят ҳокимлари билан биргаликда бир ой муддат ичида тадбиркорларни топиб, 14 та кичик саноат зонасида 100 млн долларлик лойиҳалар бошлаши бўйича топшириқ берди.