Ўзбекистон Республкаси Президентининг жорий йил 27 мартдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан 2021 йилда дастурлар доирасида лойиҳаларни молиялаштиришнинг манбалар кесими ҳамда лойиҳаларни кредитлашнинг ҳудудлар кесимидаги мақсадли параметрлари тасдиқланди. Унга кўра, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредит олиш учун аризалари "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси" орқали қабул қилинади.
Шунингдек, кредит олишда талабгорларга «Агробанк» АТБ, АТ Халқ банки ва «Микрокредитбанк» АТБлар ;орасидан бирини ихтиёрий танлаб, барча дастурлар доирасида имтиёзли кредит олиш бўйича мурожаат этиш имконияти яратилади.
Кредит олувчи танлаган маҳсулот етказиб берувчи ташкилот томонидан маҳсулотлар етказиб берилгандан сўнг, кредит маблағлари таъминотчига ажратиб берилади. Қолаверса, ўзини ўзи банд қиладиган фуқароларга айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш (касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хомашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш) мақсадида 5 миллион сўмгача миқдорида кредит маблағлари нақд пулда берилиши мумкин.
«Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган фуқароларга ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилишини мониторинг қилиш масъулияти тижорат банклари билан бирга мос равишда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда сектор раҳбарлари, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини раислари зиммасига юклатилади.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш учун 1,3 триллион сўм миқдоридаги маблағни ваколатли банкларнинг устав капиталини ошириш, шу жумладан, «Агробанк» АТБга – 700 миллиард сўм, «Микрокредитбанк» АТБга – 400 миллиард сўм ва АТ Халқ банкига – 200 миллиард сўм ;йўналтирилади.
;