Ипотека банк 1,4 трлн сўмлик еврооблигацияларни жойлаштирди

Ипотека банк 1,4 трлн сўмлик еврооблигацияларни жойлаштирди

Фото: Ипотека банк

25 апрель куни Ипотека банк 1,4 трлн сўмлик уч йиллик еврооблигациялари халқаро Вена фонд биржасида йиллик 20,5% купон ставкаси билан жойлаштирди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди. Еврооблигацияларни жойлаштириш битим бўйича андеррайтер банк бўлган JP Morgan Chase тавсияларига мувофиқ амалга оширилгани айтилган.

Хабарда қайд этилишича, аксарият инвесторлар Венгрия халқаро банки ҳисобланувчи OTP Bank'нинг 2023 йилда Ипотека-банк капиталининг асосий улушини қўлга киритишини ижобий қарши олди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил апрель ойида Ипотека банк томонидан 785 млрд сўмлик еврооблигациялар эмиссия қилинган эди. Шундай қилиб, Ипотека банк Ўзбекистоннинг барча корпоратив эмитентлари орасида миллий валютадаги листинг облигацияларини жойлаштиришни муваффақиятли амалга оширган биринчи ва ҳозирги кунга қадар ягона эмитент бўлиб қолмоқда.

Бу эмиссия миллий валютадаги узоқ муддатли ресурсларни чет элдан жалб этишнинг қўшимча манбаи бўлиб, долларлашув даражасини пасайтириш, банкнинг ликвидлик мавқеини мустаҳкамлаш, шунингдек, бизнес фаолиятининг ўсишига туртки бўлиб хизмат қилади.

×