Фото: Bankers.uz
Давлат солиқ қўмитаси товар ва хизматлар учун тўловлар жисмоний шахсларнинг пластик карталари орасида ўтказмалар (Р2Р) орқали амалга оширилишини тартибга солиш мақсадида, муайян чегарадан ошган транзакциялар бўйича Марказий банк билан ўзаро маълумот алмашинувини йўлга қўйиши мумкин. Хусусан, мазкур йўналишда меморандум имзоланиши айтилган янги қонун лойиҳаси ҳақидаги хабарлар тақалди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, мижознинг банк картасига бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг ёки ундан ошадиган умумий суммада пул маблағларини бир ёки бир нечта банк карталаридан ёхуд электрон ҳамёнлардан келиб тушиши шубҳали операциялар дея тавсифланади ва банкларнинг ички назорат хизматлари томонидан махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 10 февралдаги қарорида Президент қарорида ўтган йилнинг 1 майидан бошлаб тўлов ташкилотлари p2p пул ўтказмаларини амалга ошираётганда хизмат учун электрон ҳисоб-фактураларни (ЭСФ), шу жумладан ноль комиссия билан расмийлаштириши ва тақдим этиши шартлиги белгиланган, кейинчалик Адлия вазирлиги экспертиза ўтказганида ушбу норма ҳужжатда йўқ эканлигини, Марказий банк билан ҳам келишилмаганлигини айтган эди. Бироз муддат ўтиб, Президент фармони билан 1 июндан жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини (p2p ўтказмалари) амалга оширишда электрон ҳисобварақ-фактура бериш тартибини бекор қилиш бўйича топшириқ берилганди.
Бундан ташқари, юқоридаги ҳужжат лойиҳасида яширин иқтисодиёт улушини камайтиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар ҳам таклиф сифатида келтирилган. Жумладан:
- қурилиш корхоналари томонидан жисмоний шахсларга кўчмас мулк объектлари реализация қилинганда солиқ базасини аниқлашда ҳар бир квадрат метр учун минимал миқдорлардан келиб чиқиб ҳисоблаш таклиф этилмоқда;
- уй-жой, кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларини сотуви фақат нақд пулсиз ҳисоб-китоблар асосида амалга оширилади. Бунда жисмоний шахслар томонидан мазкур олди-сотди шартномаларини банк маълумотлари асосида, юридик шахслар томонидан эса электрон ҳисобварақ-фактура орқали нақд пулсиз ҳисобкитобларнинг амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда нотариал расмийлаштирилади;
- шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига асосланган қурилиш объекти учун қурилиш материаллари ва сарф-харажатларининг чекланган ўртача миқдорини қатъий белгилаш тизими жорий этилади;
- “POS” терминаллар ўрнатиш харажатлари фойда ва айланмадан олинадиган солиқ базасидан чегирилади;
- “POS” терминаллар орқали амалга оширилган товар айланмаларига нисбатан фойда ва айланмадан олинадиган солиқ ставкалари 5 фоизга камайтирилади;
- улгуржи савдо тўлиқ нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш тартибига ўтказилади;
- юридик шахс томонидан устав жамғармаси оширилган (янгидан шакллантирилган) тақдирда, мазкур операциялар бўйича товар моддий бойликларнинг манбаси юзасидан маълумотларни мажбурий равишда 10 кун ичида солиқ органларининг ахборот тизими орқали тақдим этиш тартиби ўрнатилади;
- молия йили давомида жорий молия йили учун бюджет даромадларини камайтирувчи, солиқ ва божхона имтиёзларини беришни ва солиқсиз тўловлардан бюджетга ажратмаларни камайтиришни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш қатъиян тақиқланади.
"Ҳужжат лойиҳаси чиндан ҳам тадбиркорлар ва фуқаролар учун принципиал тартиб-таомилларни кўзда тутади. Ҳужжат лойиҳаси очиқ муҳокамага қўйилиши, бизнес ва экспертлар ҳамжамияти билан яхшилаб элакдан ўтказилиши, иқтисодиёт равнақига халақит берадиган қисмлари якуний ҳужжатга киритилмаслиги лозим. Умуман, тўсатдан қарорлар пайдо бўлиб қолиш амалиётига барҳам бериш зарур.", - деб ёзди "davletovuz" Телеграм-канали.
Тасодифий хабарлар
Агробанк бошқарув раисига янги ўринбосар тайинланди
Реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан “Hamkorbank”АТБга нисбатан молиявий жарима қўлланилди
Бизнесни ривожлантириш банки тадбиркорлар учун бепул онлайн ўқув курсини тақдим этмоқда