Фото: Халқ банки
2024 йилнинг 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Халқ банкида 2023 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби, 2024 йил учун белгиланган режалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда банкнинг 2023 йилдаги фаолияти давомида эришилган натижалари ва 2024 йил учун долзарб вазифалар тўғрисида маълумот берилди. Анжуманни Халқ банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов кириш сўзи билан очиб бериб, йиғилганларга мавзу доирасида батафсил маълумот берди.
Фото: Халқ банки
2023 йил Халқ банкини трансформация қилиш жараёнининг муҳим даври сифатида эътироф этилди. Бу борада Осиё тараққиёт банки билан стратегияни жорий қилиш бўйича битим имзоланиб, 10 та халқаро экспертлар жалб этилди ҳамда 17 та стратегик йўналишда ҳамкорлик қилиш келишиб олинди.
Фото: Халқ банки
Халқ банкининг барча филиаллари “Ягона МФО”га ўтказилди. Бизнес жараёнлари ҳамда сарфланадиган харажатларни оптималлаштириш мақсадида ихчам банк хизматлари марказлари ташкил этилди. Бу орқали мижозларга тез ва сифатли хизмат кўрсатишга эришилмоқда.Хизмат кўрсатиш жараёнларини мувофиқлаштириш ҳамда кассадаги нақд пул маблағларини самарали ва марказлашган ҳолда бошқариш мақсадида ҳудудларда жами 10 та “Ягона касса маркази” ташкил этилди.
Фото: Халқ банки
Қолаверса, 2023 йилнинг май ойида Халқ банки биринчилардан бўлиб, HUMO ва UZCARD банкоматларини интеграциялашни якунига етказди. Натижада банкка қарашли битта банкомат орқали иккита тўлов тизимидаги банк карталаридан нақд пул ечиш имкони яратилди. Шунингдек, анжуманда аҳолини босқичма-босқич кичик бизнес вакилига айлантириш мақсадида жорий қилинган тизим, дастурлар доирасида "xazna" мобил иловаси орқали онлайн кредит ажратиш йўлга қўйилгани, мобил илованинг бошқа иловалардан афзаллиги, ҳозирда “xazna” мобил иловасини юклаб олган жами фойдаланувчилар сони 1,4 млндан ошгани ҳақида тўхталиб ўтилди.
Фото: Халқ банки
Хусусан, банк хизматларини масофадан амалга ошириш имкониятини тақдим этиш мақсадида яратилган "xazna" мобил иловаси орқали:
- ўзини ўзи банд қилган шахсларга “Бизнесга биринчи қадам” дастури доирасида онлайн тарзда, «хазна» мобил иловаси орқали 2 йил муддатгача 5 млн. сўмгача кредит маблағи ажратилмоқда;
- иловада 20 дан ортиқ давлат ташкилотлари маълумотлар базаси билан интеграция қилинган бўлиб, бу орқали хизматларни рақамлаштирган ҳолда аҳолидан ортиқча ҳужжатлар талаб қилмасдан, уларга масофадан, бепул хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган;
- Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда «хазна» иловаси орқали республикамиз ёшларига “Халқаро имтиҳон топшириш харажатларини қоплаш” тизимидан фойдаланиш имконияти тақдим этилди. Мазкур хизматдан фойдаланиб, исталган вақтда, банкка келмасдан маблағни банк картасига юклаб олиш мумкин. 2023 йилда 9 654 нафар ёшларнинг 17 млрд. сўмлик маблағлари қоплаб берилди.
- "xazna" иловаси орқали бир зумда расмийлаштириш имконияти бўлган 100 млн. сўмгача онлайн микроқарз жорий қилинди ва ҳозиргача 26 000га яқин микроқарз ажратилди.
Фото: Халқ банки
Ўтган йил давомида банкдаги ўзгаришлар ҳамда хизматларни кенг тарғиб қилиш ва бу орқали Халқ банки брендини оммалаштиришда ОАВ вакиллари, шунингдек, жамоатчилик фаоллари билан самарали ишлар амалга оширилди. Халқ банки Ахборот хизмати раҳбари Гулноза Алимова ўз нутқида банк хизматлари истеъмолчиларининг Халқ банки фаолиятига бўлган ишончи ҳамда содиқлиги йилдан йилга ортиб бораётганлиги, хусусан, мижозларнинг Халқ банкига лояллик индекси ўтган 2 йил ичида 5 баробарга ошгани, фаолиятда очиқликни таъминлашда барча тижорат банклари орасида биринчи ўринга чиққани ҳақида маълумот берди.
Хулоса қилиб айтганда, Халқ банки тизимида бизнес жараёнлар оптималлаштирилиши натижасида аҳоли ва мижозларга кўрсатилаётган хизматларни автоматлаштириш, кўламини кенгайтириш ҳамда сифат даражасини ошириш бўйича қатор ишларни амалга ошириш давом этмоқда.
Халқ банки ахборот хизмати
Тасодифий хабарлар
Самарқанд шаҳрида "Туронбанк-Интеллект" ўйинларининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди
Ўзмиллийбанк 2023 йилни сарҳисоб қилди
ANORBANK Ўзбекистонда биринчи Ислом банкини яратиш бўйича келишув имзолади