Фото: Bankers.uz
Оператив маълумотларга* кўра, Ўзбекистон банкларининг 2024 йил 1-чорагидаги соф фойдаси 2 трлн 413 млрд сўмни ташкил қилган ҳамда ўтган йилнинг 1-чорагига нисбатан 21 фоизга, ёки 650 млрд сўмдан ортиқ миқдорга камайган. 5 та банк - Бизнесни ривожлантириш банки (-394 млрд сўм), Tenge bank (-7,3 млрд сўм) ҳамда фаолиятини ўтган йили бошлаган Hayot Bank (-11,2 млрд сўм), Apex Bank (-2,9 млрд сўм) ва Yangi Bank (-2,8 млрд сўм) лар 1-чоракни молиявий зарар билан якунлаганлар. Соф фойданинг камайиши 11 та банкда кузатилган. Ўтган йил мос даврида 178,1 млрд соф фойда олган Бизнесни ривожлантириш банки бу йил 1-чоракда -394 млрд молиявий зарар билан якунлаган. Шунингдек, Ипотека банкнинг соф фойдаси ўтган йилдаги 374,1 млрд сўмдан кескин камайиб, 3,6 млрд сўмни ташкил қилган. Бир нечта давлат банклари - Ўзмиллийбанк, Асакабанк, Халқ банки, Агробанк, Алоқабанк ва Туронбанкда ҳам соф фойда миқдори камайган. Ушбу ҳолат мазкур банкларда кредит портфелидаги муаммоли активларга нисбатан захиралар қилингани сабаб бўлиши мумкин.
1-чоракда олинган соф фойданинг миқдори бўйича "етакчи ўнлик"дан фақатгина иккита давлат банки - Ўзмиллийбанк (465,2 млрд сўм соф фойда, 1-ўрин) ҳамда Ўзсаноатқурилишбанк (339,8 млрд сўм соф фойда, 3-ўрин) жой олган. Қолган банклар - Капиталбанк (378,1 млрд сўм), Ҳамкорбанк (319,4 млрд сўм), Ипак Йўли банки (232,4 млрд сўм), Трастбанк (194,2 млрд сўм), Ориент Финанс банк (191,9 млрд сўм), КДБ Банк Ўзбекистон (108,9 млрд сўм), Давр банк (106,2 млрд сўм) ҳамда Азия Альянс банк (100,1 млрд сўм) давлат назоратида бўлмаган банклардир.
Ўтган йил мос даврига нисбатан соф фойда миқдори кескин ортган TBC bank (20 баробар) ва Октобанк (49 баробар)ни ҳам алоҳида қайд этиш мумкин.
* AVO bank ҳамда Евроосиё банкининг кўрсаткичлари инобатга олинмаган.
Тасодифий хабарлар
Ўзсаноатқурилишбанк ходимлари Сбербанк корпоратив университетида ўқийди
Осиё тараққиёт банки ипотека бозори учун яна 150 миллион доллар ажратади
Уй-жой сотиб олиш бўйича банклар кафолатига асосланган эскроу тизими жорий қилинади