Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида жами 4,6 млрд сўм кредит маблағлари талон-торож қилингани аниқланди

Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида жами 4,6 млрд сўм кредит маблағлари талон-торож қилингани аниқланди

Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида ўтказилган терговга қадар текширув давомида икки МЖЧ раҳбарлари иссиқхоналар ташкил этиш учун тижорат банклар ажратган кредитларни талон-торож қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Сариосиё туманидаги ҳолатда “B.F.” МЧЖни норасмий бошқариб келган М.А. “Ниҳолзор” МФЙда иссиқхона ташкил этиш мақсадида ажратилган 2 млрд сўм кредит эвазига иссиқхоналарни қурмагани маълум бўлди. У мазкур маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги ва 303,4 млн сўм солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлиги аниқланди. 

Хоразмдаги ҳолатда эса “G.H.” МЧЖ раҳбари Ж.Ж. Шовот тумани ҳудудидаги 3 гектар ер майдонида замонавий иссиқхона қуриш учун тижорат банки филиалидан ажратилган кредит маблағлари эвазига хориждан олиб келинган комплекс ускуналарнинг бир қисмини бошқа шахсларга сотиб юборгани ошкор бўлди. Тадбиркор жами 2,6 млрд сўм кредитни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланди.  

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

×