Туронбанк йил охирига қадар ўз процессинг марказини ишга туширади

Туронбанк йил охирига қадар ўз процессинг марказини ишга туширади

Фото: Туронбанк

Туронбанк 2024 йил охирига қадар ўз процессинг марказини ишга туширади. Бу ҳақда 29 март куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида банкининг 2023 йилдаги фаолияти сарҳисобига бағишланган навбатдаги матбуот анжуманида банк Чакана бизнес департаменти директори Элдор Вохобов маълум қилди.

Чакана бизнес департаменти директори Элдор Вохобов / Фото: Туронбанк.

Янги процессинг маркази VISA, Mastercard, UnionPay, МИР, HUMO тўлов тизимлари банк карталари эмиссияси ва эквайрингини амалга оширади. Шунингдек, ушбу карталарга хизмат кўрсатиш — POS эквайрингга улаш, банкоматларни улаш ва бошқариш, халқаро тўлов тизимларининг электрон тижоратини таъминлаш, 3D ҳимоя тизимини ишлаб чиқиш, фирибгарликни онлайн ва офлайн режимда мониторинг қилишни таъминлаб беради.

Шунингдек, матбуот анжуманида банкнинг 2023 йил якунлари бўйича кўрсаткичлари ҳақида маълумот берилди. Анжуманда банк Бошқаруви раиси ўринбосари Шаҳло Ибрагимова, Чакана бизнес департаменти директори Элдор Вохобов, Кичик ва ўрта бизнес департаменти бошқарма бошлиғи Равшан Файзиев ҳамда бошқа мутахассислар иштирок этишди. Хусусан, 2024 йилнинг 1 январ ҳолатига банкнинг жами капитали 1 трлн 897 млрд сўмни ташкил этди. Айни шу даврда активлар 15 трлн 939 млрд сўмга етиб, 23,8 фоизга ошди. Шунингдек, ўтган 2023 йилда юридик ва жисмоний шахслардан жалб қилинган депозитлар миқдори 4 трлн 661 млрд сўмга етди. Бу ўтган йил билан солиштирганда 33,5 фоиз кўп демакдир. Жами кредит қўйилмалари эса 11 трлн. 894 млрд. сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 26%га ўсди

Фото: Туронбанк.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида бизнес эгаларини молиявий қўллаб – қувватлаш мақсадида банк томонидан 3 трлн 202 млрд сўмлик кредитлар ажратилди. Шундан кичик бизнес субъектларига 1 трлн 437 млрд сўм, аёллар тадбиркорлигига 86 млрд сўм, ёшларнинг стартапларини амалга ошириш учун 82 млрд сўм ва бошқа қатор йўналишларнинг маблағлар йўналтирилди.

Йирик корпоратив мижозларнинг истиқболли бизнес лойиҳаларини амалга ошириш учун эса Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Туркиянинг Эксимбанки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Хитойнинг Эксимбанки, Германиянинг “АКА” банки, Чехиянинг CSOB банки ва бошқа халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик янада фаоллаштирилгани таъкидланди.

Фото: Туронбанк.

Матбуот анжумани давомида ўтган 2023 йилда жисмоний шахсларга кўрсатилган хизматлар, таклиф этилган янги маҳсулотлар бўйича ҳам маълумотлар берилди. Унга кўра, “Туронбанк” АТБ томонидан жисмоний шахсларга умумий ҳисобда 1 трлн 612 млрд сўм миқдоридаги кредитлар ажратилган. Уларнинг 343 млрд сўми 1 598 нафар мижозга ипотека кредитига, 8,2 млрд сўми 284 нафар мижозга истеъмол кредитига, 336 млрд сўми 25 минг 569 нафар фуқарога микроқарзга, 906 млрд сўми 5 минг 695 нафар мижозга автокредитга,18,3 млрд сўми 2 минг 41 нафар талабаларга таълим кредитга ва 74 млрд сўми 13 минг 809 нафар мижозга онлайн микроқарзга расмийлаштирилган.

Банк Бошқаруви раиси ўринбосари Шаҳло Ибрагимова/ Фото: Туронбанк.

Тадбирда қатнашган Bankers.uz мухбири банк вакилларидан Туронбанкнинг ребрендинг қилиш эҳтимоли, шунингдек, банк корпоратив сайтини такомиллаштириш жараёнлари ҳақида ҳам сўради.

Ҳақиқатдан ҳам, сўнгги йилларда йилларда жуда кўп банклар, шу жумладан давлат банклари "ребрендинг" жараёнини амалга оширмоқда. Бироқ, тан олиш керакки, ребрендинг - бу фақат логотипни янгилаш эмас, балки банкда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, бизнес жараёнларни тубдан яхшилаш, ходимларни ҳақиқий профессионал фаолиятини таъминлаш каби муҳим бўғинларни ўз ичига олади. Шунинг учун биз ребрендингдан аввал ушбу босқичларни таъминлаб қўйсаккина, сўнг бу ҳақида гаплашсак, мақсадга мувофиқ бўларди, деб таъкидлади банк бошқаруви раиси ўринбосари Ш.Ибрагимова.

Шунингдек, анжуманда маълум қилинишича, ҳозирда банк корпоратив сайтини янгилаш борасида ҳам жараёнлар давом этмоқда ва яқин ойлар ичида банк сайтининг тўлиқ оптималлаштирилган ҳамда қулай интерфейсли кўриниши тақдим этилади. Банк ҳақида мижозларнинг саволларига тезкор жавоб бериш, қўшимча ахборот тақдим этилишини таъминлаш мақсадида, шу кунга қадар "аутсорсинг" асосида фаолият юритиб келаётган Туронбанк алоқа марказини ҳам банк тузилмасига олиш ҳамда унда тажрибали ходимларни ишлашини таъминлаш ҳам режалаштирилгани айтилди.

Теглар:
×