Марказий банк нобанк кредит ташкилоти институти - кафолатлар бериш ташкилотларини (КБТ) ташкил қилиш бўйича қонун лойиҳаси устида иш олиб борилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда 19 март куни Марказий банкда Халқаро Молия корпорацияси (IFC) билан ҳамкорликда \"Ўзбекистонда микро, кичик ва ўрта корхоналарни молиялаштиришни барқарор ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш\" мавзуда бўлиб ўтаётган семинарда Марказий банк Департамент директори Санжар Носиров айтиб ўтди.
Манба: Марказий банк
Кафолатлар бериш ташкилотлари акциядорлик жамиятида кўринишида ташкил қилинади. Устав капитали 100 млрд сўмга тенг бўлади. Бу ташкилот шахснинг банк олдидаги мажбуриятларини бажариш бўйича кафолатлар (кафилликлар) бериш фаолиятини профессионал асосда амалга оширади ҳамда қонунчиликда кўрсатилган бошқа хизматларни кўрсатади.
Кафолатлар бериш ташкилоти нима учун керак?
Жаҳон банки маълумотларига кўра, дунёнинг тенг ярим давлатларида шундай ташкилотлар фаолият кўрсатади ҳамда кичик ва ўрта бизнес субъектларига банк кредитлари олишда ёрдам беради. Кўпинча, янги ёки кичик бизнесларнинг ёмон кредит тарихи ёки рейтинги банк хизматларидан фойдаланишни чеклайди ёки уларга кафил етарли бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли, бу кичик бизнеслар банк кредитлари ёки бошқа молиявий хизматлардан қуруқ қолади.
КБТ ана шундай тўсқинлик бўлаётган бизнесларга ёрдам беради. Улар кредит олувчининг банкка қайтариш борасидаги мажбуриятларини ўз зиммасига олади, яъни агар кредит олувчи қарзни қайтара олмаса, кредит кафолат ташкилоти банкка керакли суммани тўлайди. Бундай кафолатлар туфайли банклар кредит беришда кўпроқ ишонч ҳосил қилади ва кичик бизнесга кредит ажратиш эҳтимоли ҳам ошади.