Марказий банк Ўзбекистон халқаро захираларининг январь ва февраль ойлари бўйича ҳисоботларни эълон қилмади. Регулятор сайтида статистик маълумотларни эълон қилиш тақвимига асосан мазкур ҳисоботлар ҳар ойнинг 7 санасига қадар очиқлаши керак.
Олтин-валюта захиралари бўйича ҳисоботлар очиқланиши қандай сабабларга кўра тўхтатилгани ёки кечикаётгани ҳақида ҳам мунособот берилмади.
"Маълумотларнинг яширишга ўтилиши ташқи савдо балансининг ёмонлашуви, пул ўтказмаларининг қисқариши тенденцияси фонида, ҳатто олтин нархларининг янги рекордларгача кўтарилишига қарамай, халқаро захираларнинг қисқариши тўхтамаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин", ─ деб ёзди иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров.
Айни пайтда регулятор сайтида халқаро захиралар бўйича охирги ҳисобот 6 январь куни эълон қилинган ва унда 2024 йилнинг 1 январь ҳолати акс этган.