Молиявий саводхонлик ўзи нима, у нима учун долзарб?

Молиявий саводхонлик ўзи нима, у нима учун долзарб?

Шахснинг умумиқтисодий билимларини тавсиф этувчи шундай тушунча бор – молиявий саводхонлик деб аталади. Келинг, тушунча ҳақида тўхталишдан олдин, тушунча ҳақида тўхталиш қанчалик муҳимлигига тўхталсак.

Халқ тилида “Аҳмадбой воқеаси” деб аталган воқеалар, кўпчиликни “чув туширган” “Авто 60 ой” МЧЖ ва бошқа шунга ўхшаш фирибгар фирмалар ёки бўлмасам туяқуш сотган фирма воқеаси ва қатор бошқа “машҳур” воқеалар эсингизда бўлса керак. Ёки масалан, кўпчилигимиз бир ойда бир марта бўлса ҳам оммавий ахборот воситалари орқали қайсидир фуқаронинг банкдан кредит қандай олиш кераклигини билмай юрганини, ёки олганлари ичида, бизнесини йўлга қўёлмай, аксинча касод бўлганлиги ҳақида хабарларни ўқиб қоламиз. Аслини олганда, фуқароларимизнинг мана шундай фирибгарлар “тузоғига” тушиб қолишига, касод бўлишига биз айтаётган молиявий саводхонлик даражасининг етарли эмаслиги сабаб бўлган.

Хўш, “молиявий саводхонлик” нима?

Кўпчилик молиявий саводхонлик тушунчасини жаҳонда тан олинган умумий таърифга асосан тушунади. Яъни, тор маънода молиявий саводхонлик – фуқароларнинг ўз (ёки оиласи) молиясини тўғри бошқариши учун зарур билим ва кўникмалар мажмуаси, деб таъриф берилган бўлиб, бизнинг жамиятда ҳам ушбу иборанинг умум қабул қилинган таърифи тахминан шундай.

Бироқ, кўпгина иқтисодий адабиётлар, мақолалар ёки манбаларда “молиявий саводхонлик” тушунчасига бирмунча кенг таъриф берилган. Интернет тармоғини титкилаб, “молиявий саводхонлик” учун берилган таърифларни солиштирган ўзбек тадқиқотчилари борлигига ҳам гувоҳ бўлдик. Умуман олганда, “молиявий саводхонлик” Ўзбекистон шароитида ҳозир ҳам тадқиқот учун жуда зўр мавзу.

Келинг, қисқароқ бўлса ҳам ушбу тушунчага қандай таъриф берилганини озгина таҳлил қилиб, кейин умумлаштирилган таъриф беришга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Масалан, ўша ҳаммамиз билган “Википедия” энциклопедиясининг рус тилидаги вариантида “молиявий саводхонлик”ни “инсон молиявий хулқ-атвори соҳасидаги унинг фаровонлигини яхшилаш ва ҳаёт сифатини оширишга олиб келувчи билим, кўникма ва қадриятлар мажмуи, ҳаётдаги воқеалар ва иқтисодий шарт-шароитлардаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда қисқа муддатли қарорлар ва узоқ муддатли молиявий режалаштириш орқали шахсий молияни бошқаришдаги қобилият ва қатъийликни, асосий молиявий тушунчаларни англаб етишни ифодаловчи даража”таърифлаган.

Шунингдек, тушунча турли иқтисодчилар томонидан ҳам тизимли равишда тушунтиришга ҳаракат қилинган.

Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ) "Молиявий саводхонлик - бу шахсий молиявий фаровонликка эришиш учун асосли молиявий қарорлар қабул қилиш имконини берувчи хабардорлик, билим, кўникма, қадриятлар (ҳаётий йўналишлар) ва хулқ-атвор каби элементларнинг мажмуи" деб таъриф берган.

Ўз номидан келиб чиққан ҳолда, мазкур тушунча молия соҳасидаги билим ва кўникмаларга эга бўлиш, у билан боғлиқ жараён ва воқеаларни тўғри тушунишни англатади. Бироқ, фикримизча, мазкур тарздаги дастлабки тасаввур даражасида қолиш молиявий саводхонликнинг тўлиқ мазмунини ёритиб бера олмайди. Шунинг учун, ушбу тушунча билан боғлиқ асосий жиҳатларни айтиб ўтиш керак.Демак, “молиявий саводхонлик” -- аҳолининг кундалик ҳаётдаги оддий иқтисодий воқеа ва жараёнлар (масалан, озиқ-овқат ва уй-рўзғор буюмларини харид қилиш, турли ресурслар (электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви) ва коммунал хизматлардан фойдаланганлик учун тўловларни амалга ошириш, хусусий ёки давлат секторида меҳнатда банд бўлиш, иш ҳақи ёки нафақа олиш ва ҳ.к.)дан тортиб нисбатан мураккаб жараёнлар (масалан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, тижорат банклари кредитларидан фойдаланиш, қимматли қоғозлар сотиб олиш ва бошқалар)да иштирок этишигача бўлган жиҳатларни қамраб олишини билиб олдик.

Мамлакатда аҳоли молиявий саводхонлиги даражасининг юқори бўлиши молиявий хизматлар соҳасининг ҳам жадал ривожланишига сабаб бўлади. Молиявий хизматларни оммалаштириш орқали аҳолининг бу борадаги билимларини мустаҳкамлаш ва кичик бизнес субъектларининг бундай хизматларга бўлган талабини ошириш имкони пайдо бўлади.

Яна бир жиҳатни таъкидлаш керак - молиявий саводхонликнинг асосида инсон туради, зеро мазкур жараённи амалга оширишдан асосий мақсад ҳам унинг фаровонлиги ва ҳаёт сифатини ошириш ҳисобланади. Бироқ, бунинг учун у ўз ихтиёридаги иқтисодий ресурслардан, рўй бериши мумкин бўлган воқеа ва ҳодисалар, вужудга келиши мумкин бўлган шарт-шароитлардан ўзи ҳамда жамият учун манфаатли ва самарали асосда фоидаланиш борасида етарли билим ва кўникмаларга эга бўлиши лозим. Шунингдек, жамиятда таркиб топган қадриятлар тизими ҳам ушбу мақсадлар билан ўзаро мувофиқ келиши зарур. Энг муҳими, ҳар бир шахс қайд этиб ўтилган восита ва дастаклардан фойдаланган ҳолда қисқа муддатли қарорлар қабул қилиш ҳамда узоқ муддатли молиявий режалаштириш жараёнини тўғри ташкил этиш қобилиятига эга бўлиши керак.

Аҳоли молиявий саводхонлигининг ижтимоий аҳамияти ҳам бор. Чунки, алоҳида шахснинг молия борасидаги билим ва кўникмалари пировардида бутун жамият иқтисодий ҳаётининг муваффақияти ва барқарорлигини белгилаб беради. Аҳолининг молиявий жиҳатдан саводсизлиги нафақат шахсий фаровонликка, балки бутун молиявий соҳага салбий таъсир кўрсатади. Масалан, фуқароларнинг ўз даромадлари ва харажатларини аниқ тасаввур қилмаслиги ёки нотўғри режалаштириши оқибатида кредиторлик қарздорлик пайдо бўлади, саводсизлик, юқорида мисоллар келтирганимиздек, молиявий пирамидалар ва фирибгарликлар сонининг ошишига олиб келади. Глобал миқёсда бу мамлакат иқтисодиётини молиявий инқирозга олиб келиши мумкин.

Албатта, шахснинг молиявий саводхонлик даражасининг шаклланганлиги, бир неча омилларга, хусусан, шахснинг ёши (айрим ҳолларда ҳаттоки жинси) ва ундан келиб чиққан ҳолда ҳаётий тажрибаси, маълумот даражаси, касбий фаолият йўналиши, иқтисодий фаоллик даражаси ҳамда дунёқараши ва қизиқишларига ҳам боғлиқ. Шунинг учун чекка бир қишлоқда деҳқончилик қилиб юрган Эшмат акадан кўра, пойтахтда бизнес қилиб юрган Шоқосим хожи аканинг молиявий саводхонлик даражаси юқорироқ бўлиши эҳтимоли катта.

Молиявий саводхонлик мамлакатнинг иқтисодий ривожланганлик даражасига боғлиқ бўлади. Бироқ, бу мазкур муаммо ривожланган мамлакатларда тугал ҳал этилган, деган маънони англатмайди.

Ўзбекистонда ҳам аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борада Марказий банк, Савдо-саноат палатаси ва бошқа бир қанча давлат ва нодавлат ташкилотларининг лойиҳалари амалга оширилган ва ошириб келинмоқда.

Бироқ, тажриба шуни кўрсатмоқдаки, бу ишларни тизимли амалга ошириш, аҳолининг молиявий саводхонлигининг уларнинг ёши, яшаш жойи ва ҳаттоки менталитету-қадриятларига ҳам боғланган ҳолда ўргатиб борилиши муҳимроқ. Акс ҳолда, харажатини даромадига қараб белгиламайдиган, қарз ва кредитлар гирдобига ботиб қолган, оддий молиявий хизматлардан фойдаланишда ҳам бировларнинг ёрдамига муҳтож, фирибгарлар бемалол алдаб кета оладиган, қисқаси “молиявий саводсиз” қатлам кенгайиб бораверади.</p><p>Бу мавзуга яна қайтамиз...

И.Туропов

 

Теглар:
×