4 март куни "Агробанк" АТБ ва Халқаро савдони молиялаштириш Ислом Корпорацияси (ITFC) Бошқаруви ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда банк Матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг янги босқичга кўтарилиши, ўзаро эришилган молиявий келишувларининг самарадорлиги ва истиқболдаги вазифалар тўғрисида фикр алмашилди.
Фото: Агробанк
Банк хабарига кўра, мазкур ташриф давомида Агробанк, ITFC ва Smartbank ўртасида 15 млн доллар миқдоридаги уч томонлама қисқа муддатли молиялаш линиясини очиш бўйича келишув шартномасини имзолаш маросими ҳам ўтказилган.
Қайд этиш керакки, Агробанк ITFC билан 2020 йилдаёқ ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Эришилган келишувга кўра, дастлаб 10 млн доллар миқдоридаги Исломий молиялаштириш линияси жалб қилинган.
Бундан ташқари, 4 март куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда ITFC ўртасида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида 100 млн доллар миқдоридаги "Мурабаҳа" молиялаштириш битими ва агентлик келишуви ҳам имзоланди.