"Бизнес портал"га қиймати 5 трлн сўмдан кўпроқ бўлган аризалар келиб тушди

"Бизнес портал"га қиймати 5 трлн сўмдан кўпроқ бўлган аризалар келиб тушди

Фото: БРБ

“Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури доирасидаги “Бизнес портал”га умумий лойиҳа қиймати 5 трлн сўмдан кўпроқ бўлган 52 мингта аризалар келиб тушган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Ахборот хизмати раҳбари ахборот берди.  

Таъкидланишича, дастур бўйича банк томонидан “Бизнес портал”га ишга туширилган. Дастурда иштирок этиш истагида бўлганлар мазкур портал орқали онлайн ариза билан мурожаат қилади. Шу кунга қадар 21 155 та, умумий қиймати 2 трлн сўмдан ортиқ лойиҳалар скоринг босқичида ижобий баҳоланди. Мазкур жараён инсон омили иштирокисиз амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.

Ўз навбатида, кейинги босқичда ўрганиш учун ҳоким ёрдамчиларига ўтказилган лойиҳалар сони 1 856 тани ва уларнинг умумий қиймати 169 млрд 400 млн сўмни ташкил этади. Шу кунга қадар айни босқичдан жами қиймати 1,7 трлн сўмлик 17 856 та лойиҳа ижобий хулоса билан кейинги босқичга ўтказилди. Лойиҳаларни баҳолаш ва танлаш гуруҳи томонидан айни пайтда умумий қиймати 199 млрд. 600 млн. сўмлик 2 144 та лойиҳа кўриб чиқилмоқда. Шу кунга қадар гуруҳ томонидан 9 504 та лойиҳага рухсат берилган.

Мазкур босқичлардан ўтиб, ўқув жараёнига жалб қилинган тадбиркорлар сони 6 083 нафарни ташкил этмоқда. Улар томонидан таклиф этилган лойиҳалар қиймати эса 580 млрд сўмдан кўпроқни ташкил қилади.

Энг муҳим босқич – сертификат олиш учун жами 3 421 та ташаббускор имтиҳон топширган бўлиб, улардан 2 729 таси сертификатни қўлга киритишган.

Айни пайтга қадар барча банклар томонидан 459 та лойиҳага кредит ажратиш ишлари тўлиқ якунига етказилди. Уларни амалга ошириш учун умумий ҳисобда 44 млрд 200 млн сўмлик кредит шартномалари тузилган ва улар доирасида тўлиқ ажратиб бўлинган кредит ҳажми 41 млрд 300 млн сўмга тенг бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Президентининг “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-306 сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури амалга оширилмоқда. “Бизнесни ривожлантириш банки” дастурни самарали амалга ошириш бўйича асосий таянч банк сифатида белгиланган. Дастурни 2023-2026 йилларда амалга ошириш учун давлат маблағлари ҳисобидан 6 трлн сўм ва халқаро молия институтларининг 1,2 млрд доллар миқдоридаги маблағлари йўналтирилиши белгиланган.


Теглар:
×