Айрим банклар “ресурс йўқ, гаров таъминоти керак” дея тайёр маблағни бермаяпти — Президент

Айрим банклар “ресурс йўқ, гаров таъминоти керак” дея тайёр маблағни бермаяпти — Президент

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 12-февраль куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида янги захираларни ишга солиш ҳамда 2024 йилги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Йиғилишда 2024 йилги пахта ва ғалла ҳосили учун бюджетдан 10 трлн сўмдан зиёд имтиёзли ресурс ажратилгани ҳамда кластер, фермер ва деҳқонлар имтиёзли кредит олишини осонлаштириш мақсадида очиқ-ошкора платформа ишга тушгани таъкидланди. Лекин 2024 йил пахтасини сотиш бўйича фьючерс шартномаси тузган фермерларнинг маълум қисми кредитларни ҳалигача олмаган.

"Сабаби, айрим банклар “ресурс йўқ, гаров таъминоти керак”, деган баҳоналар билан тайёр маблағни бермаяпти. Соҳада ҳисоб-китоб интизомида ҳам камчиликлар борлиги айтилди. Масалан, кластерларнинг фермерлар олдидаги қарздорлиги ҳали тўлиқ тўланмаган", - деди президент.

Янги тизимга кўра, олдинги қарзини 1 апрелгача ёпмаган кластер билан фьючерс шартномаси бекор қилинади ва фермерга пахтани биржада сотишга рухсат берилади. Маълумотни электрон платформага тўлиқ киритган ва фьючерс шартнома имзолаган фермерга кредит кўпи билан уч кун ичида ажратилиши шартлиги таъкидланди.

Шунингдек, аҳолига бўлиб берилган ер майдонлари ҳамда томорқа ерларига саноат ва кооперацияни кенг олиб кириб, қўшимча 1 миллиард долларлик маҳсулот етиштириш мумкинлиги қайд этилди. Бунинг учун 1 трлн сўм кредит учун ресурс ажратилади. Ушбу кредитлар кооперация асосида маҳсулот етиштириш, техника, айланма маблағ учун 100 миллион сўмгача гаровсиз, 150 миллион сўмгача гаров таъминоти 50 фоизга пасайтирилган ҳолда берилиши маълум қилинди.

Яна жами 10 мингта техника фермер ва деҳқонларга 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан лизингга берилади. Четдан олиб келиниб, лизингга бериладиган мотокультиватор ва минитракторларга божхона имтиёзи 3 йилга узайтирилади.

Бундан ташқари, иссиқхона хўжаликларини кредитлаш механизмини қайта кўриб чиқиш топширилди. Президент ёқилғисиз иситиладиган, ихчам иссиқхоналарни барпо қилиш тажрибасини қўллаб-қувватлаб, тайёр ҳолда топшириш шарти билан 10 сотихли 200 тагача ихчам иссиқхона қуриш вазифасини қўйди. Ушбу мақсадларга “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.

Йиғилишда 25 турдаги талаб энг юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларни мамлакатимизда ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш муҳимлиги ҳам таъкидланди. Бу бўйича 7 трлн сўмлик 342 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Келгуси икки йилда 5 та халқаро брендни жалб қилиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш топширилди. Жаҳон банкидан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан янги лойиҳалар учун 10 йил муддатга, айланма маблағ учун 2 йилга миллий валютада 18 фоиздан кредит ажратилади.

×