2023 йилда P2P ўтказмалари ҳажми 56 фоизга ошди

2023 йилда P2P ўтказмалари ҳажми 56 фоизга ошди

Марказий банк маълумотларига кўра, 2023 йил давомида миллий тўлов тизимлари бўлган Uzcard ва Humo тизимларида амалга оширилган картадан картага пул (P2P) ўтказмалари 224,3 трлн сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 80,8 трлн сўмга ёки 56 фоизга кўпдир. Бунда 2023 йилдаги P2P тўловларининг 65,7 фоизи Uzcard ва 34,3 фоизи Humo тўлов тизими ҳиссасига тўғри келиб, 2022 йилда эса тўлов тизимларининг улуши мос равишда 68,3 фоиз ва 31,7 фоиз бўлган. Бундан кўринадики, ўтган йилда P2P тўловларида Humo тизимининг улуши ошган.

Ҳисоб-китоблар клиринг тизими

2023 йилда Ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми 78,0 трлн сўмни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошди. 2023 йил давомида Ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали амалга оширилган тўловларнинг 49,6 фоизи UzAuto Motors, 13,3 фоизи Ғазначилик, 5,8 фоизи жисмоний шахслардан ундирилган солиқлар ва йиғимлар, 5,7 фоизи Мажбурий ижро бюроси учун амалга оширилган.

“QR-online” ахборот тизими

Банк картаси ва тўлов терминалидан бевосита фойдаланмаган ҳолда банк картасидаги маблағлар ҳисобидан товар ва хизматлар учун мобил иловалар ёрдамида QR-код орқали тезкор тўловларни амалга ошириш мақсадида ишга туширилган “QR-online” тизими оммалашиб бормоқда. 2023 йилда “QR-online” ахборот тизими томонидан тадбиркорлик субъектларига тақдим қилинган QR-кодлар сони 2022 йилга нисбатан 3 мингтага ортиб, 100,7 минг донага етди ва транзакциялар суммаси қарийб 2,5 баробарга ортиб, 137 млрд сўмдан 337 млрд сўмга ошди.

Тезкор тўловлар тизими

2023 йилда Тезкор тўловлар тизими орқали амалга оширилган транзакциялар сони 2022 йилга нисбатан 78 фоизга ва ҳажми 35 фоизга ошиб, мос равишда 31,4 млнтани ва 603,8 трлн сўмни ташкил этди. Бунда Молия вазирлиги Ғазначилигига ўтказилган бюджет тўловлари ҳажми 2022 йилга нисбатан қарийб 3 баробарга ўсган ҳолда 64,2 трлн сўмдан ошди.

Тезкор тўловлар тизими орқали амалга оширилаётган тўловлар кўламининг ортиб бориши натижасида 2023 йил якунига келиб хўжалик юритувчи субъектлар жами тўлов топшириқномаларининг 91 фоизи банкка ташриф буюрмаган ҳолда масофадан туриб амалга оширилган.

Теглар:
×