Сурхондарё вилоятида кредит маблағлари талон-торож қилинган бир нечта ҳолатлар маълум қилинди

Сурхондарё вилоятида кредит маблағлари талон-торож қилинган бир нечта ҳолатлар маълум қилинди

Фото: Халқ сўзи

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Сурхондарё вилоятида кредит маблағларини талон-торож қилинган бир нечта ҳолатларни маълум қилди. Хусусан, Олтинсой туманида “Ch.J.” МЧЖни норасмий бошқариб келган Г.И. озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиши учун ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган 1 млрд сўм кредитни ўғли Н.А.нинг картасига ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларга молиявий ёрдам сифатида ўтказиб, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги айтилган.

Термиз туманида “C.T.” МЧЖ раҳбари Б.Д. озиқ-овқат маҳсулотлари, спиртли ва салқин ичимликлар сотиб олиш учун ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган 996,9 млн сўм кредит эвазига сотиб олинган маҳсулотларни кирим қилмасдан сотиб юбориб, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.

Департаментнинг Шўрчи туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса “M.B.” хусусий корхонаси собиқ раҳбари К.М. ва бошқалар хўжалик қоғозлари ва полиэтилен пакет ишлаб чиқариш учун тижорат банки филиалидан ажратилган 500 млн сўм кредит эвазига ёшлар саноат зонасидан ажратилган 6 сотих ер майдонида ишлаб чиқариш ускунаси олиб келмасдан, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 233-моддаси (банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

×