Ўзбекистондаги давлат банки бўлмаган банклар бошқарув раисларининг ҳам аксарияти эмланган

Ҳозирда аҳолини иммунизация қилиш ҳар қачонгидан долзарб бўлиб қолаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Жамоавий иммунитет ҳосил қилиш учун эмланиш даражасини ошириш ўлимгача олиб келувчи инфекциядан ҳимояланиш ҳаёт ва мамот масаласига айланди. Оммавий вакцинация борасида Ўзбекистонда яратилган шароитлар, аҳоли учун бир нечта турдаги вакциналарнинг таклиф этилишига қарамай, аҳоли ўртасида мазкур жараёнларга нисбатан турлича қарашлар, фикрлар ва саволлар юзага келаётгани кузатилмоқда. 

Айниқса, раҳбарлар коронавирусга қарши эмландиларми, эмланган бўлсалар қайси вакцинани олдилар, деган саволлар кўп келиб тушгани боис, Bankers.uz давлат банклари бошқарув раисларининг эмланганлиги борасида мақола тайёрлаганди. Ушбу мақоладан кейин, сайт ва телеграм канал ўқувчилари худди шу каби маълумотни давлат банки бўлмаган банклар бўйича ҳам эълон қилишни сўраб мурожаат қилишди. Шуни эътиборга олган ҳолда, Bankers.uz тегишли банкларга қўнғироқ қилиб, маълумот олишга ҳаракат қилди.

Ўрганишлар натижасида мавжуд 20 та давлат банки бўлмаган банкларнинг раисларидан 14 та банк раислари у ёки бу вакцина билан тўлиқ (ёки қайсидир босқичда) эмланганлиги маълум бўлди.

Хусусан, ХАТБ "Davr Bank" бошқаруви раиси Абдумажид Саматов ва АТБ "Savdogar" бошқаруви раиси Суръат Мансуров, Moderna вакцинаси билан эмланганлиги, АТБ "Asia Alliance Bank" бошқаруви раиси Икрам Абдукаххоров Astra Zeneca вакцинаси билан эмланганлиги маълум бўлди.

АТБ "Tenge Bank" бошқаруви раиси Талгат Аюпов ва "Saderat Bank Tashkent" бошқаруви раиси Эбтехаж Валиюллах Спутник V вакцинаси билан эмланишган.

Madad Invest Bank бошқаруви раиси Хаётжон Муратов, АТБ "Hamkorbank" бошқаруви раиси Бахтиёржон Жўраев, АИТБ "Ipak Yo'li" бошқаруви раиси Саидаброр Сайдахмедов, ХАТБ "Turkiston" бошқаруви раиси Аваз Мухутдинов, ХАБ "Trastbank" бошқаруви раиси Сардор Нормухамедов, АЖ "KDB Bank O'zbekiston" бошқаруви раиси Жонг Сеон Кимлар "ZF-UZVAC-2001" вакцинаси билан эмланишган.

ЧЭКИ "Invest Finance Bank" бошқаруви раиси Бобур Бурханов, "Poytaxt Bank" АЖ бошқаруви раиси Маджид Тохиров, АЖ "Ziraat Bank Uzbekistan" - Зафер Жанполат Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган вакциналардан бири билан эмланган.

Шунингдек, 4 та банк бошқаруви раислари (АЖ "Anorbank" - Шерзод Акрамов, ATБ "Kapitalbank" - Алишер Мирзаев, АTБ "Universal Bank" - Зафаржон Турақулов, АТБ "TBC Bank" - Спартак Тетрашвили) тегишли сабаблар (врачларнинг тавсиясига кўра) ҳозирчалик эмланмаганликлари маълум бўлди. 

Яна 2 та банк бошқаруви раислари (ХАТБ "Orient Finance Bank" бошқаруви раиси Тоҳир Жунайдуллаев ва АЖ "Ravnaq-Bank" бошқаруви раиси Искандар Турсунов) нинг эмланганлиги борасида маълумот олиш имкони бўлмади.

Маълумот тариқасида: ЎзР Меҳнат кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, корхона (ташкилот) ходими профилактик эмлашдан ўтишни рад этса (қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент матбуот котиби Шерзод Асадов 2 август, душанба куни ўтказилган брифингда Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши эмланганини маълум қилганди. Шунингдек, яқинда ахборот манбаларида турли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг эмланганлиги борасида мақола эълон қилинганди.

Теглар:
×