Қорақалпоғистонда ҳоким ёрдамчилари ўқитилмоқда

Қорақалпоғистонда ҳоким ёрдамчилари ўқитилмоқда

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Давлат раҳбари томонидан “2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилингани аҳоли, хусусан, ёшларнинг тадбиркорлик ташаббуси ва интилишларини қўллаб-қувватлаш борасида янги босқич бошланганини англатади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан бизнес ривожига доир янгича механизмлар ва молиявий инструментлар жорий этилмоқда. Бунда ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчиларининг самарали фаолияти муҳим ўрин тутади.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Шу кунларда “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ва бир қатор манфаатдор идоралар ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикасининг туман-шаҳарларида ҳоким ёрдамчилари учун ўқув курслари ташкил этилмоқда. Тадбирларда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул ходими Н.Мардонов, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ва “Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси” вакиллари маъруза ва тақдимотлар билан иштирок этмоқда.

Бугунгача ўқув семинарлари Қонликўл, Шўманой, Беруний, Тўрткўл, Элликқалъа, Хўжайли, Тахиатош, Нукус ва Амударё туманлари ҳамда Нукус шаҳарларида ўтказилди. Семинарлар давомида “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурининг мазмун-моҳияти, уни амалга оширишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, белгиланган вазифалар ижроси каби муҳим йўналишлар ҳақида тушунтиришлар берилди. Ўқув курсларида иштирок этаётган ҳоким ёрдамчилари кичик тадбиркорлик субйектларига молиявий ва консултатив кўмаклашиш дастакларидан тўла хабардор қилинмоқда.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Олинган билим ва кўникмалар Дастурни амалга оширишда муҳим бўғинлардан бири бўлган ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ўқув машғулотлари давом эттирилмоқда. 

Банк ахборот хизмати

×