Марказий банк июль ойи якунлари бўйича банк бозоридаги депозит ва кредитларнинг ўртача фоиз ставкаларини маълум қилди. Жисмоний шахсларга таклиф этилаётган омонатлар бўйича ўртача фоиз ставкаси сўнгги бир йил ичида биринчи марта 20 фоизга етди. Январда ушбу кўрсаткич 17 фоизни ташкил қилган бўлиб, ўтган ойлар давомида банклар таклиф қилаётган омонатлар ставкаларининг ошиши мазкур кўрсаткичга таъсир кўрсатгани табиий.
Юридик шахсларнинг депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси эса, аксинча, февраль ойидан буён пастлаб, ўзининг бу йилги минимуми - 15,2 фоизгача тушган.
Фото: Марказий банк
Аҳоли омонатлари фоиз ставкаларининг ўсиши, банклардаги аҳоли омонатлари қолдиғининг ўсишига ҳам ижобий таъсир ўтказмоқда. Хусусан, маълумотларга кўра омонатлар қолдиғи йил бошига нисбатан қарийб 20 фоизга ўсган. Бу, сўмнинг хорижий валютага нисбатан кескин қадрсизланмаётгани, шунингдек, инфляция даражасининг ҳам (пандемия давридан сўнг) бироз барқарорлашуви билан изоҳланиши мумкин.
Иқтисодчи Отабек Бакиров миллий валютадаги чакана ва корпоратив депозитлар фоиз ставкалари ўртасидаги фарқ 4,8%га етганлигига эътибор қаратиб, бу каби фарқ охирги марта 2018 йил январда қайд этилганлигини таъкидлаган. "Корпоратив ва чакана депозитлар ўртасидаги бунчалар фарқни иқтисодий қоидаларда тушунтириш жудаям қийин. Қолаверса, ҳар икки тоифага мажбурий захиралаш меъёрлари бир хил бўлса. Афсуски, ягона тушунтириш коррупцион сабабларга бориб тақалади. Яъни корпоратив депозиторлар банкларга депозитларини чакана депозитлардан фарқли ўлароқ бозор ставкаларида жойлаштиришмайди. Алоҳида ёпиқ келишувлар ўз ўрнига эга ва бу келишувлардаги ставкалар фақат ортиб бормоқда ва бу фарқликлар асосан давлат тузилмалари бўлган корпоратив депозиторларнинг менежменти томонидан ўзлаштирилишда давом этмоқда. Ўзбекистонда корпоратив депозитларни жойлаштириш бўйича ягона очиқ бозор - яъни платформа яратиш вақти аллақачон келган." - деб таъкидлаган О.Бакиров.
Эслатиб ўтамиз, яқинда аҳоли учун банклардаги омонатларнинг юқори фоиз ставкаларини ва ўзгариш динамикасини кузатиб бориш имконияти яратилганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Тасодифий хабарлар
Яна иккита банк раҳбари Президент ҳузурида тақдимот ўтказди
Бир неча товар ва хизматлар учун нақд пулда тўловлар қабул қилиш тақиқланиши мумкин
Халқ банкида тижорат кредитларини бериш вақтинча тўхтатилади