Анваржон Эргашев Ўзсаноатқурилишбанк бошқарув раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди

Анваржон Эргашев Ўзсаноатқурилишбанк бошқарув раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди

Фото: olympic.uz

«Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банки Кузатув кенгишининг 2023 йил 20 декабрдаги йиғилишида банк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари лавозимига номзодни тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилган. Йиғилиш қарорига кўра, шу кунга қадар бошқарув раисининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Анваржон Абдумажитович Эргашев Банк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Эргашев Анваржон Абдумажитович 1973 йилда Жиззах вилояти, Зомин туманида туғилган. 1995 йилда Тошкент молия институтини “молия ва кредит” мутахассислиги бўйича тугатган.

Мехнат фаолиятини 1993 йил «Ипак йўли» акциядорлик инновацион тижорат банки бош мутахассиси лавозимидан бошлаган ва мазкур банкда 1998 йилгача кредит-тижорат инвестициялари бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимигача фаолият юритган. 1998-2006 йиллар Ўзбек халқаро банки «Узприватбанк» Инвестицион лойиҳаларни баҳолаш, таҳлил қилиш ва кредитлаш департаменти бошлиғи, Бошқаруви Раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи, Бошқаруви Раиси лавозимларида ишлаган.

А.Эргашев 2006-2017 йиллар «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Марказий амалиёт минтақавий филиали бошлиғи, 2017-2018 йиллар «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ бухгалтерия операциялари назорати бошқарма бошлиғи, пул муомаласи ва касса амалиётлари департамент директори лавозимларида меҳнат фаолиятини юритган. 2018 йил феврал ойидан «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Бошқаруви Раисининг ўринбосари лавозимига тайинланган.

Маълумот тариқасида: Анвар Эргашев банк фаолиятидан ташқари ралли спорт турининг профессионал иштирокчиси ҳисобланади.Хусусан, у ралли ва автокросс бўйича кўп карра мамлакат чемпиони, бир қатор халқаро мусобақалар ғолиби, Жаҳон кубоги босқичлари иштирокчисидир. Шунингдек, у ўзбекистонлик пойгачилар орасида "Дакар" раллисида иштирок этиш (2022) лицензиясига эга бўлган илк спортчи сифатида, жорий йил март ойида Миллий автоспорт ва картинг федерацияси раиси этиб сайланганди.

×