Fitch Ratings ANORBANK'га рейтинг берди

Fitch Ratings ANORBANK'га рейтинг берди

Фотоскрин: UzReportTV

«Fitch Ratings» халқаро рейтинг агентлиги «ANORBANK» АЖга узоқ муддатли эмитент дефолти рейтинги (EDR)ни барқарор прогнозли «B-» даражасида ва барқарорлик рейтинги (VR)ни «B-» даражасида тақдим қилди.

Агентлик ҳисоботида таъкидланишича, банкинг узоқ муддатли рейтинги унинг мустақил кредитлаш лаёқатига асосланади, барқарорик рейтинги эса банкнинг ривожланишда давом этаётган бизнес модели ҳамда қисқа операцион тарихини инобатга олган ҳолда берилган. Компания рейтинг беришда банкнинг чекланган бозор улушига эга эканлиги ва сўнгги уч йил ичида молиявий кўрсаткичларини ҳам инобатга олган. Шунингдек, рейтинг ҳисоботида банкнинг заиф капиталлашув ва юқори депозит концентрацияси ҳам қайд этиб ўтилган.

«Fitch Ratings» мутахассислари банкнинг бозор улуши ҳали юқори бўлмаса-да, унинг барқарор ўсиб боришига умид билдирган. Ҳисоботда келтиришича, 2023 йилнинг 3-чораги якуни бўйича ANORBANK ҳисобига мамлакат банк секторидаги активлар ва кредитларнинг 1 фоизи ва депозитларининг 2 фоизидан камроғи тўғри келади. "2020 йилда маҳаллий инвесторлар томонидан ташкил этилган кичик банк филиалларсиз бўлган рақамли бизнес-моделни ишлаб чиқиб, истеъмол кредитларини онлайн тақдим этишни бошлади. Шунингдек, яқинда корпоратив молиялаштириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни бошлади.", дейилган агентлик ҳисоботида.

«ANORBANK» ташкил этилганидан бери кредит портфелини бозорга қараганда анча тезроқ оширди ва биз бу ўсиш 2024 йилда ҳам давом этишини кутмоқдамиз. Банк юқори фойдали, гаровсиз (таъминланмаган) чакана кредитлашга эътибор қаратмоқда. Бу бироз таваккалчилик бўлса-да, кредитларнинг концентрацияси ва долларизациясининг сезиларли даражада пастлигини таъминлаб турибди. Бу биз рейтинг берган бошқа банклардан анча фарқли кўрсаткич.», — дейди Fitch мутахассислари.

Агентлик банкда муаммоли кредитлар улуши паст бўлса-да, кредитлаш суръати кескин ўсаётган шароитда уларнинг квалификациясини қайта кўриб чиқиш лозимлигини айтган. Бироқ шундай бўлса-да, банкда муаммоли кредитлар улуши келгуси йилларда узоғи билан 10 фоизни ташкил қилиши мумкинлигини қайд этган.

Шунингдек, рейтинг ҳисоботида банкнинг молиявий натижалари бўйича ҳам ижобий прогнозлар берилган, хусусан 2023 йилда банк соф фойдада бўлиши, 2024 йилда бу кўрсаткич янада ошишини прогноз қилган. Бундан ташқари, соф фойда кўрсаткичи банк капиталлашувида ҳам роль ўйнаши, бу эса банкнинг ҳозирчалик паст даражада бўлиб турган капитал етарлилик коэффициентларини яхшилашига умид билдирган.

«Fitch Ratings» ANORBANK'да депозитлар концентрацияси юқори эканлигини қайд этган (20 та йирик депозиторга банк депозитларининг 30 фоизи тўғри келади) бўлса-да, ушбу концентрация пасайиш тенденциясида эканлигини айтиб, банкнинг ликвидлиги ошишига ишонч билдирган.

Маълумот тариқасида: «Fitch Ratings Inc.» 1913 йилда ташкил топган Америка корпорацияси бўлиб, асосан рейтинг агентлиги сифатида танилган. Компания рейтинг агентликларининг "Катта учлик" деб аталувчи етакчи компаниялари рўйхатига киради.

Теглар:
×