Фото: Bankers.uz
Ўзбекистон президенти 15 декабрь куни «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашга оид [ПҚ-394-сон] қарорни имзолади.
Унга кўра, компаниянинг устав капитали 2024 йилнинг 1 июнига қадар 808,1 млрд инвестиция киритилиши ҳисобига жами 940,89 млрд сўмга оширилади. Устав капитали қўшимча акцияларни чиқариш ва номинал қийматда жойлаштириш орқали амалга оширилмоқда.
Мазкур маблағлардан 300 млрд сўми давлат томонидан 2022 йилда 12% ставкада ажратилган қарз маблағини капиталга алмаштириш орқали йўналтирилади.
Қолган 508,1 млрд сўм қўшимча инвестиция эса 12 та тижорат банки томонидан киритилмоқда.
Жалб қилинаётган инвестицияларнинг миқдорига қараб, яқинда хусусийлаштирилган «Ипотекабанк»нинг компаниядаги улуши 20% дан 3,4% гача камаймоқда, қолаверса, «Бизнесни ривожлантириш банки»нинг улуши 10% дан 6,6% га, «Ўзсаноатқурилишбанк»ники 8% дан 3,3% га, «Капиталбанк» ва «Инвест финанс банк»ларники эса 1% дан 0,1% гача тушмоқда. Бунинг натижасида компаниядаги давлат улуши 25% дан 35,4% га ошмоқда, у эса Давлат активларини бошқариш агентлиги назоратида бўлади. Давлат ҳозирга қадар мазкур қарздаги 12 фоиз ставка ҳисобидан йилига 36 млрд сўм даромад олган. «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси»нинг 2022 йилдаги соф фойдаси эса 24,1 млрд сўмни ташкил қилган.
Зиёнли амалиёт
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, бу ҳам зиёнли, ҳам ёмон амалиёт ҳисобланади.
«"Носқовоққа нон борми" деб ўтирган самарасиз давлат банкларида бунча пул йўқлиги аниқ. Назаримизда яна схема қилинади. АЖнинг энг катта қарзи Молия вазирлигидан - 2,7 трлн.сўмдан ортиқ. Шу қарздорликнинг бир қисми яна давлат банклари орқали капиталга конвертация қилинса керак. Қисқаси мумкин бўлган энг расво схема. Қарийб 760 млрд сўмлик ҳеч қурса фоиз даромад келтириб турган қарзнинг осмонга совурилиши», - дейди у.
Иқтисодчининг таъкидлашича, компания бошқаруви Давлат активларини бошқариш агентлигида қолиши сифатга таъсир қилмай қолмайди.
«Бу дегани АЖда бошқарув сифати ва молиявий қарорлар самарадорлиги ёмонлашса ёмонлашадики, асло яхшиланмайди. Аввал бошда режа қилинганидек, компаниянинг ташқи бозордан мустақил қарз ва ресурслар жалб қилиш имкониятлари деярли нолга яқинлашди. АЖ акциялари очиқ бозорда, яъни биржада айланмайди. Лекин бу операциядан кейин унинг эҳтимолий бозор қиймати янада арзонлашиши аниқ», - деган фикрда блогер.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 11 ойи давомида жами 15 трлн 429,01 млрд сўм ипотека кредитлари ажратилган, шундан атиги 1 трлн 459,1 млрд сўми «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаш компанияси» маблағлари ҳисобланади. Қолган 5 трлн 228,1 млрд сўми банкларнинг ўз маблағлари, 8 трлн 741,9 млрд сўми эса Молия вазирлиги маблағларидир.
Тасодифий хабарлар
Чинозда йирик миқдордаги имтиёзли кредит маблағлари мақсадсиз сарфланганлиги аниқланди
Учта ҳудудда қарийб 7 млрд сўмлик кредит маблағлари талон-торож қилинган ҳолатлар маълум қилинди
Туркия банклари рус ва беларус мижозлари учун айрим хизматларни чекламоқда