Бизнесни ривожлантириш банки фаолиятининг устувор йўналишларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди — фото

Бизнесни ривожлантириш банки фаолиятининг устувор йўналишларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди — фото

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

2023 йил 15 декабрь куни “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ фаолиятининг устувор йўналишлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда банк Бошқаруви раҳбарияти, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 18 августдаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида кичик бизнесни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Мазкур мулоқотда қайд этилган вазифаларни ўзида жамлаган ва тадбиркорлик муҳитини яхшилашга оид яқин ва узоқ истиқболдаги мақсадларни акс эттирувчи муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори бизнес соҳаси ривожи учун хизмат қилиши таъкидланди.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Қарорга асосан, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича “узлуксиз хизматлар занжири”ни яратиш мақсадида “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури”ни амалга ошириш белгиланди.Дастурни 2023-2026 йилларда амалга ошириш учун давлат маблағлари ҳисобидан 6 трлн. сўм ва халқаро молия институтларининг 1,2 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. “Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик тижорат банки Дастурни амалга ошириш ва уни доимий равишда такомиллаштириб бориш бўйича асосий таянч банк сифатида белгиланган.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Матбуот анжуманида банк томонидан Дастур ижроси доирасида амалга оширилаётган ва келгусида кўзда тутилаётган чора-тадбирлар, Дастур иштирокчиларини танлаб олиш тартиби ва молиявий ва консультатив қўллаб-қувватлаш дастаклари ҳақида ахборот берилди. Хусусан, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ таъсисчилигида “Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси” ва Жамғарма таркибида ҳудудларда 14 та “Кичик бизнесга кўмаклашиш ҳудудий марказлари” ташкил этилгани қайд этилди.

Ушбу марказлар орқали кичик бизнес лойиҳаларини танлаш, ташаббускорларни ўқитиш, молиялаштириш, ахборот билан таъминлаш, бизнес режалар ва техник иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш, бозор топиш билан боғлиқ комплекс хизматлар кўрсатилади.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Молиявий қўллаб-қувватлаш йўналишида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ёки кенгайтириш учун 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағлар учун револьвер тарзда 3 йилгача муддатга йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада 1,5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади. Шу билан бирга, асосий воситаларни сотиб олиш учун лизинг бериш вазифалари белгиланган бўлиб, бунда, 100 миллион сўмгача кредитларни гаровсиз, 150 миллион сўмгача кредитларни гаров талаби 50 фоизгача пасайтирилган ҳолда ажратиш амалиёти татбиқ этилади.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Шунингдек, консультатив қўллаб-қувватлаш йўналишида лицензия, рухсатнома ва сертификатлар олиш масалалари, божхона ва солиқ маъмуриятчилиги, экспорт ва импорт операциялари, шартномаларни расмийлаштириш, давлат харидларида иштирок этиш, шунингдек, ер участкалари ва бино-иншоотларни сотиб олиш ёки ижарага олиш ва лойиҳалаштириш вазифалари амалга оширилади.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 15 ноябрдаги “Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, 2024-2026 йилларда банк бўйича:

  • кичик тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитлар қолдиғини 1,7 бараварга ошириш орқали кредит портфелидаги улушини 28 фоиздан 43 фоизга етказиш;
  • 150 мингта кичик тадбиркорлик субъекти фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтириш;
  • кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жами 800 миллион АҚШ долларигача миқдорда ресурслар жалб қилиш;
  • 300 миллион АҚШ доллари миқдорида облигация (эвробонд)ларни халқаро капитал бозорларида муомалага чиқариш вазифалари белгиланган.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Тадбирда иштирок этган оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

×