Фото: Микрокредитбанк
13 декабрь куни “Миллий матбуот маркази”да "Микрокредитбанк томонидан олиб борилаётган трансформация жараёнлари" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Ушбу тадбирни "Микрокредитбанк" АТБ Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари А.Хамидов олиб борди ва банк томонидан олиб борилаётган трансформация жараёнлари тўғрисида маълумот берди.
Қайд этилишича, бугунги кунда халқаро "PriceWaterhouseCoopers" (PWC) консалтинг компанияси билан ҳамкорликда “Микрокредитбанк”нинг 2022-2025 йилларда ривожлантириш стратегияси” ва трансформация “Йўл харитаси”га мувофиқ 6 та устувор йўналишдаги 33 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Мижозлар учун қулай ва тезкор хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида банк филиалларини ихчам банк хизматлари марказлари ва офисларига айлантириш ишлари олиб борилди. Ҳозирда ҳудудларда банкнинг 136 та хизмат кўрсатиш марказлари ва офислари ҳамда 437 та 24/7 шохобчалари орқали аҳолига узлуксиз банк хизматлари кўрсатилмоқда. 2023 йил 1 декабрь ҳолатига 1 млн 470 минг нафар жисмоний шахсга ва 251 минг 532 та юридик шахсга, яъни жами 1 млн 722 минг нафар мижозга хизмат кўрсатилмоқда.
Фото: Микрокредитбанк
Анжуманда берилган маълумотларга кўра, ўтган даврда 8 та лойиҳа "Катта тўртлик"га кирувчи халқаро консалтинг компаниялари билан амалга оширилди. Жумладан, жорий йил якунига қадар “Ernst & Young” компанияси билан риск менежмент тизимини такомиллаштириш ишлари якунига етказилади. Шунингдек, “Deloitte & Touche” компанияси билан Таваккалчиликка асосланган ички аудит, Коррупцияга қарши назорат, Ички назорат ва санкциявий комплаэнс тизимларини такомиллаштириш ишларини тугатиш мақсад қилинган. Банкда KPI тизими жорий қилиниб, Бош офис ва филиал ходимларини индивидуал кўрсаткичлар асосида рағбатлантириш амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг апрель ойида мижозларга янги замонавий ва рақобатбардош MAVRID мобил иловаси тақдим этилган эди. Маълумотларга кўра, илова орқали 36 тадан ортиқ онлайн хизматлардан фойдаланиш мумкин бўлиб, бугунги кунда янги иловадан 100 мингдан зиёд мижозлар фойдаланишни бошлади.
Шунингдек, қайд этилишича, банк колл маркази замонавий дастур билан таъминланди. "Софт коллекшн" кредитларни ундирув тизими йўлга қўйилди, кредит қарздорликларни ундириш бўйича автомат чиқувчи қўнғироқлар амалга ошириш IVR дастури жорий қилинди. Банкда CRM, Скоринг, BPM тизимлари амалиётга татбиқ қилинди. Шунингдек, андеррайтинг тизими жорий қилиниб, жисмоний шахсларга барча кредитлар скоринг тизими орқали ажратилмоқда. Юридик шахслар учун 24 турдаги модулли кредитлар жорий қилинди. Банкнинг ихтиёрий Хизмат кўрсатиш марказларидан туриб ўз ҳисоб рақамларини эркин тасарруф этиш каби қатор қулайликлар яратиш мақсадида банк бўлинмалари “Ягона МФО” тизимига ўтказилди.
Матбуот анжуманида 2024 йилда банк томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар берилди. Жумладан, янги жорий қилинган мобил илованинг имкониятларини кенгайтириш, KPI тизимини автоматлаштириш, мижозлар эҳтиёжлари ва шикоятларини онлайн тарзда тўплаш, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш учун ситуацион марказ ташкил қилиш, кредит конвейерини юридик шахслар учун тўлиқ жорий қилиш бўйича гапириб ўтилди.
Фото: Микрокредитбанк
Матбуот анжумани давомида "Микрокредитбанк" АТБ масъул ходимлари журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб беришди. Хусусан, Bankers.uz мухбири 11 октябрь куни Микрокредитбанк Тошкент марказидаги Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Алоқабанкка қарашли бўлган бино-иншоотлар мажмуини қарийб 387 млрд сўмга сотиб олгани ҳамда ушбу қарор ижтимоий тармоқда турли муҳокамаларга сабаб бўлганини айтиб, изоҳ сўради.
Албатта, бино-иншоотлар банк учун тўғридан тўғри даромад келтирмайдиган ва ликвидлиги паст бўлган актив эканини инобатга олиб, кўпчилик бу қароримизни танқид қилди. Биз, банк бошқаруви ҳамда кузатув кенгаши бир неча босқичли ҳисоб-китоблар ва муҳокамалардан кейин, унинг иқтисодий асосланганлини кўриб, сўнгра шу қарорга келганимизни айтишим керак. Чунки, бугунги кундаги асосий биноимиз бош офиснинг барча ходимларини сиғдира олмагани сабаб, марказий таркибий тузилмаларимиз шаҳарнинг 4 та жойида жойлашган биноларда ишлашга мажбур бўлмоқда. Бу эса, бошқарув самарадорлигини пасайишига олиб келяпти. Иккинчидан, бош офис биносининг шаҳар марказида бўлиши, банк умумий имиджи ва HR-брендига ҳам фойда, буни кўпчилик билса керак. Ходимни ишга олаётганда, иш жойидаги шароит, бинонинг жойлашуви ҳам роль ўйнайди. Яна бир жиҳат, биз кеча ҳозирги бош офис асосий биносини ҳам сотувга қўйдик, унинг сотувидан ҳам маблағлар келиб тушади. Бундан ташқари марказдан ер ва бинога эга бўлиш келажак учун яхши инвестиция эканлигини ҳам эсдан чиқармаслик керак. -, деб таъкидлади А.Ҳамидов.
Тасодифий хабарлар
2021 йилда тўлов терминалари беш мингтага камайди
Капиталбанк Кузатув кенгаши таркибини кенгайтиришга қарор қилди
Май ойида сўмнинг реал алмашув курси рубль ва тенгенинг мустаҳкамлангани сабабли қадрсизланди